ЎзА Ўзбек

26.09.2019 Чоп этиш версияси

Тадбиркорларнинг неча йиллик орзуси рўёбга чиқмоқда

Тадбиркорларнинг неча йиллик орзуси рўёбга чиқмоқда

Солиқ ислоҳотлари бошланганидан республикамизда солиқ юкини камайтириш ва бизнес учун тенг рақобат муҳитини яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган эди.

2019 йилдан бошлаб, товар айланмаларидан 3,2 фоиз миқдорида ажратмаларнинг бекор қилиниши, мулк солиғини 5 фоиздан 2 фоизга туширилиши, иш ҳақидан 8 фоиз миқдорида суғурта бадалининг бекор қилиниши ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғига 12 фоиз миқдорида ягона ставкада шкаланинг белгиланишига кўпчилик экспертлар ҳадик билан қараган эди.

Лекин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарорнинг қанчалик тўғри эканлигини вақт исботлаб берди.

Бизнес ва тадбиркорлар томонидан солиқ ислоҳотлари ижобий қўллаб-қувватланди. Натижада бюджет тушумлари жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни билан камайиш эмас, 161 фоизга ўсди.

Тадбиркорлик субъектлари илгари ягона солиқ режимида қолиши учун яшириб келган, 571 мингдан ортиқ иш ўринларини ҳисоботларида очиқ-ошкора кўрсатишга ўтди. Бу ўз навбатида, жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан бюджетга тушумларни қарийб икки бараварга оширди.

Масалан, Термиз шаҳридаги “Термиз таъминот” масъулияти чекланган жамияти ягона солиқ режимида қолиш учун илгари 132 та ишчиларини кўрсатган бўлса, жорий йилдан 361 та иш ўринларини ҳисоботларида акс эттирди.

Эндиги энг катта қадам, бизнеснинг истаги асосида қўшилган қиймат солиғи ставкаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Эътибор беринг, қўшилган қиймат солиғи ставкасининг пасайтирилиши давлат бюджетига 10 триллион сўм миқдорида тушумлар камайишига олиб келса-да, тадбиркорликни янада ривожлантириш устувор қўйилиб, Президентимиз томонидан уларнинг таклифлари қўллаб-қувватланди.

Фармонда тадбиркорлар учун яна бир жуда муҳим, жоиз бўлса, уларни қийнаб келаётган масала – ҳисобрақамларини солиқ органлари томонидан тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, шаффоф механизмини яратиш топширилди.

Масаланинг муҳимлигини битта рақамда келтирмоқчиман, 2019 йил 1 сентябь ҳолатига 18,6 мингта ишлаб турган бизнес вакилларининг айрим сабабларга кўра банк операциялари тўхтатиб турилган эди.

Қабул қилинган ушбу янгиликлар тадбиркорларимизнинг янада ривожига ҳамда мамлакатимизга сармоя киритишнинг жозибадорлигига хизмат қилади.

Холбута ИСМАТОВ,
ДСҚ Котибият мудири

9 108
ЎзА