ЎзА Ўзбек

15.12.2017 19:36 Чоп этиш версияси

Тадбиркорларимиз томонидан 21 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки аҳолига замон талаблари асосида қулайликлар яратишда илғор ғоялардан фойдаланиб келади, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида журналистлар учун ўтказилган тадбирда батафсил маълумот берилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида банкнинг 92 филиали, 38 мини-банки, 220 ихтисослашган кассаси мавжуд. Уларнинг географик қулай жойлашуви, ҳудудларда самарали фаолият кўрсатаётгани аҳоли ва мижозларнинг ишончини қозонмоқда.

2017 йил банк фаолиятида муҳим давр бўлди. Иқтисодий ислоҳотларимизга ҳамоҳанг руҳда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, амалга оширилаётган таркибий ва иқтисодий ўзгартиришларда банк иштирокини кенгайтириш, банк фаолиятини ташкил этишнинг халқаро стандартларини жорий этишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Жорий йил Миллий банк ўз маблағлари ҳисобидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 2,5 триллион сўм, бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан 13,8 миллиард сўм, хорижий кредит линиялари ҳисобидан 213,9 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратди. Пировардида, тадбиркорларимиз томонидан 21 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи ҳам Ўзмиллийбанк эътиборидаги масала. Бу мақсадлар режадагидан ҳам кўпроқ маблағ йўналтирилди. Жумладан, қишлоқ жойлардаги аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида маҳсулот етиштириш учун 161,1 миллиард сўм, лимончилик учун 3,2 миллиард сўм, асаларичилик учун 14 миллиард сўм, иссиқхоналар учун 40,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Ўз навбатида банк бугунги соғлом рақобат майдонида нуфузини янада ошириш учун доимо ҳаракатда. Жозибадор омонат турларини жорий этиш, мижозларининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини қондириш, масофавий хизматлар кўрсатиш тизимини замонавийлаштириш, чет эллик мижозларга тезкор хизматлар кўрсатиш каби чора-тадбирлар шулар жумласидан.

Тадбирда жисмоний шахсларга масофавий хизматлар кўрсатиш бўйича янги кўп қиррали имкониятларга эга бўлган “Миллий” мобиль иловаси ҳақида маълумот берилди.

Бу илованинг бошқа муқобилларидан фарқи дизайни содда ва тушунарли эканида, 100 га яқин тўловларни, тезкор пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти мавжудлигида. Шунингдек, мобиль иловада картадан картага пул ўтказмалари учун комиссия тўлови 0,5 фоиз этиб белгиланган. Кредит қарздорликни сўндириш, “VISA” карта эгалари учун қолдиқни текшириш, картани блоклаш ва блокдан чиқариш каби қатор қулайликлар бор.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мутасаддилари мазкур мобиль иловада режалаштирилаётган функциялар ҳақида маълум қилди. Унга кўра, “Электрон ҳамён” функцияси жорий этилади. Бу нима? “Миллий” мобиль иловаси ёрдамида картангиздаги маблағнинг маълум миқдорини қўл телефонингизда шаклланган “Электрон ҳамён”га тушириб қўясиз. Пластик карточкангиз ёки сервис хизматида носозлик бўлган ҳолатда бу ҳамёндан фойдаланиш мумкин.

Тадбирда журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
8 603