Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 16:26 Чоп этиш версияси

Тадбиркор хотин-қизлар сафи кенгаймоқда

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Буни Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятда хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёллари учун муносиб турмуш ва меҳнат шароити яратиш, ўқувчи-қизларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, касб-ҳунарга йўналтириш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда кичик бизнес субъектларида 7 мингдан ортиқ хотин-қиз самарали иш олиб бормоқда. Оилавий бизнесни ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида давра суҳбати ва семинарлар ўтказилмоқда. Бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан мутахассислар кўмагида зарур тавсия ва маслаҳатлар берилаётир.

Олтиариқ туманида бўлиб ўтган анжуман хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласига бағишланди. "Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Г.Маҳмудова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Тадбиркор хотин-қизлар ўз тажриба ва иш услублари, эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

“Нурли обод” фермер хўжалигида ташкил этилган очиқ мулоқотда ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Тадбиркорлик билан шуғулланган киши ҳеч қачон кам бўлмайди, – дейди “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Лолахон Муродова. – Бугунги фермер фақат пахта ва ғаллага қараб қолмасдан, кўп тармоқли сифатида янги йўналишларни йўлга қўйса, янада иқтисодий самарадорликка эришади. Биз бугун ўз тажрибаларимиз асосида ёшларга тадбиркорлик борасида тушунчалар бердик. Очиқ ва самимий мулоқот давомида дилдан суҳбатлашдик.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 507






Все о погоде - Pogoda.uz