Тадбиркор хотин-қизлар фаолияти қонун ҳимоясида
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “ЎзЛиДеп – тадбиркор аёллар манфаатлари ҳимоячиси” мавзусида амалий мулоқот ўтказилди.
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “ЎзЛиДеп – тадбиркор аёллар манфаатлари ҳимоячиси” мавзусида амалий мулоқот ўтказилди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, шаҳар ҳокимияти масъуллари, партия фаоллари, ҳудуддаги тадбиркор хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
Мамлакатимизда фаол ва ишбилармон аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини рағбатлантириш, бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Вилоятдаги 55 минг 109 нафар партия аъзосининг 21 мингдан зиёди хотин-қизлардир, – дейди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Хўжаева. – Ўз навбатида, ҳудудда ушбу партия аъзоси бўлган 1 минг 750 нафар хотин-қиз тадбиркорлик билан шуғулланади. Уларнинг соҳага оид билим ва кўникмасини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Мулоқотда соҳада мавжуд ютуқ ва камчиликлар, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркор хотин-қизлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни бартараф этиш, уларни тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка оид қонунлар ҳақида батафсил маълумот берилди.