Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 21:40 Чоп этиш версияси

Тадбиркор қиз экспортни йўлга қўйди

Гулҳаё Эргашева Навбаҳор тумани “Бурқут” маҳалла фуқаролар йиғинида “Довут ота келажаги” оилавий корхонасини ташкил қилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Айни пайтда бу ерда 3 минг 500 бош “Рост” зотли жўжа парваришланмоқда.

– Паррандачилик билан 3 йилдан буён шуғулланаман, – дейди Гулҳаё. – Мени кўпдан буён бир масала қийнаб келар эди. Аҳоли гавжум жойда 2 мингдан ортиқ парранда боқиш имконияти чекланган. Бу санитария ҳолатига ҳам жавоб бермайди. Давлатимиз раҳбарининг яқинда вилоятимизга ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда паррандачилик мажмуаси учун жой сўраган эдим. Бу муаммога ўша куннинг ўзида дарҳол ечим топилди. Лойиҳам қўллаб-қувватланиб, 3,5 гектар ер ва бўш турган бино “ноль” қийматда берилди. Бундан ташқари, қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда “Damas” автомашинасини харид қилиш учун кредит маблағи ажратилгани менга янада шижоат бағишлади. Энди бу ерга музлатгич, 40 минг бош товуқ ва курка парваришлашга мўлжалланган паррандачилик мажмуаси ҳамда сутни қайта ишлаш цехи қурамиз.

Оилавий корхонада парваришланаётган парранда 35 кунда 2,5-3 килограмм тош босади. Айни пайтда 6 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхона жамоаси ўтган ойда эл дастурхонига 30 тонна парҳезбоп товуқ гўшти етказиб берди. Даромад 35-40 миллион сўмни ташкил этди.

Бугунги кунда корхона наслли жўжаларига қўшни вилоятлардан ҳам буюртмалар кўп. Яқинда Г.Эргашева сурхондарёлик тадбиркорлар билан шартнома тузди. Энди товуқ гўшти қўшни Афғонистонга ҳам экспорт қилинади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
6 303