Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 13:34 Чоп этиш версияси

Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “кафшсизликдин малул (ғамгин) бўлмағил, аёғсизларга боқиб шукр қил”, дейди. Орадан қарийб тўрт ярим аср ўтиб, “Шум бола”да Қоравой Ҳожи бободан бу сўзларни андак ўзгарган шаклда эшитади: “Ия, ялангоёқ экансан-ку, ҳай, майли, югурик оёққа кавуш топилиб қолар”.

Ҳар икки ҳикматда ўз даврининг оғир иқтисодий, ижтимоий ва маънавий муаммолари мужассам. Чин-да: халқимиз мулк ё капитал маълум гуруҳлар қўлида тўпланган феодализму капитализмни, борингки, ишлагану ишламаганни тенг тишлатмоқчи бўлган социализмни ҳам бошдан кечирди. Бироқ барча «изм»да оддий халқнинг косаси оқармади, бири икки бўлмади. Чунки у даврларда давлат бошқаруви, муҳит, шароит шундай эди. Оддий халққа фақат «оч қорин» билан «тинч қулоқ» кифоя саналарди. Бироқ қорни оч одам тинч бўлармиди? Ахир инсон бу ҳаётга бир марта келади ва у бахтли яшашни истайди.

Мустақиллик халқимизнинг онгу тафаккурини ўзгартиргани, қадриятлару қарашлар янгилангани айнан шу жиҳатда намоён бўлади: истиқлол мамлакатимиздаги ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият берди, аммо насиба-баракат ҳаракатга яраша бўлмоқда. Бу – бани башар шу пайтгача ҳаёт тажрибасидан ўтказган асл адолатнинг олтин қоидаси, қатъий хулосаси.

Ҳаётий ислоҳотларнинг изчил давоми

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов истиқлолнинг илк йилларидан одамларнинг мулкдор бўлишини кафолатлаш, ўз ақли ва салоҳияти билан маҳсулот яратаман, деган инсонни қўллаб-қувватлаш йўлида курашди. Бунда, аввало, бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси, уни жадал амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишга киришилди. Натижада бугун тадбиркорлик соҳасининг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,5 фоизга етди. Иш билан банд аҳолининг 78 фоизи айнан шу тармоқда меҳнат қилиб, ўз рўзғорини тебратмоқда, эл-юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз ғояларини изчил давом эттириш йўлида янги стратегик вазифаларни кун тартибига қўйди. Халқимиз бугун изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш йўлини, аввало, ўзи ва оиласи учун янада барқарор ва тўкин ҳаётга эришишнинг мустаҳкам замини сифатида теран англади. Эртанги куни бугундан-да зиёда бўлишига ишонди ва шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашди, бирлашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бунда янги босқични, янги имкониятлар эшигини очиб берди. Фармонга кўра 2017 йил 1 январидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари, шунингдек, уларни жиноят ишлари доирасида муқобил текширишларнинг барча тури бекор қилинди. Илгари бир тадбиркор иш бошласа, ҳуда-беҳуда унинг фаолиятига аралашиб, бўлди-бўлмади текшируви билан оёғига осиладигандан кўпи бўлмасди. Ўзи, маҳсулот ишлаб чиқариш, унга бозор топиш, янги иш ўрни яратиш – бари катта машаққат, буёқда тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига унинг ишига халал қилиш, албатта, ривожланиш йўлидаги тўсиқ эди.

Энди ҳеч ким бундай қилолмайди: Президентимиз фармонига кўра назорат қилувчи органлардан тадбиркорлик субъектларида режадан ташқари текшириш ўтказиш ҳуқуқи олиб қўйилиши, содда айтганда, учаман деган қушнинг ихтиёрини ўзига қўйиб берди. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақлаб қолинди. Бундай текшириш ҳам фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказилади, текшириш муддати бир иш куни билан чекланди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланганида. Биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имкони берилиши уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришда муҳим омилдир.

Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти фаолияти йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Излаган имкон топади

Бугун мамлакатимиз кичик бизнес корхоналари озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар, электротехника воситалари каби кенг турдаги товарларни ишлаб чиқармоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 8 августдаги қарори асосида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси уларга товар ва хизматларини ташқи бозорга чиқаришда яқиндан кўмаклашмоқда.

– 2016 йилда 3,3 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишда ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатдик, натижада 2,9 миллиард АҚШ долларидан зиёд экспорт шартномалари имзоланди, – дейди жамғарма ижрочи директори Жаҳонгир Мустафоев. – Улар доирасида 470 тадбиркор қарийб 1,4 миллиард долларлик экспортни амалга оширди. Бу 2015 йилга нисбатан 33 фоизга кўп. Ўтган йилда жамғарма кўмагида 242 тадбиркор Германия, Франция, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркманистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этди. Натижада 425 миллион долларлик экспорт келишувлари имзоланиб, 62 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Яна бир мисол: жамғарма 2016 йили Москвада ўтказилган “Текстильлегпром” халқаро енгил саноат ва тўқимачилик кўргазмасида қарийб юз тадбиркорга маҳсулотларини бепул намойиш қилиш учун 500 квадрат метр ҳудудда миллий павильон ташкил этди. Натижада Ўзбекистон тадбиркорлари 243 миллион долларлик экспорт шартномаларини имзолади. Ўтган йили ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мазкур жамғарма кўмагида мамлакатимиз тадбиркорлари ва фермерлари 700 миллион долларлик экспорт шартномалари тузди. Жамғарма ўтган йили мамлакатимиздаги ҳар бир туман ихтисослашувидан келиб чиқиб, жами 79 агрофирмани таъсис этди. Улар қарийб 692,5 миллион долларлик экспорт шартномалари тузди, 42 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Самарқанд вилоятидаги «Agro Liniya Samarkand» агрофирмаси асосан Булунғур туманидаги деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланади. 2016 йилда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мазкур агрофирмага, олти ойда қайтариш шарти билан, фоизсиз 300 миллион сўм молиявий ёрдам кўрсатди.

– Бу молиявий ёрдам ҳисобидан Россияга сояки майиз экспорт қилдик, – дейди агрофирма директори Шуҳрат Тошмуродов. – Жамғарма маҳсулотимизга хориждан харидор топиб бермоқда. 2017 йилнинг биринчи чорагида Россияга 250 тонна қовоқ етказиб берамиз. Бирлашган Араб Амирликларига мош ва майиз экспорти бўйича шартнома тузишни режалаштирганмиз. Февраль ойида Жанубий Кореядан ҳамкорлар келмоқда, улар билан мош, кунжут, майиз экспорти бўйича шартнома тузамиз.

Зангиоталик тадбиркор Ҳамидилло Йўлчиев 2016 йили «Eshonguzar agrofirma» МЧЖни ташкил этади, бироқ уни тўлиқ қувват билан ишлатишга маблағ тополмайди.

– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси жонимизга оро кирди: бир йилга фоизсиз 300 миллион сўм молиявий ёрдам олдик, – дейди Ҳ.Йўлчиев. – Яна уларнинг кўмагида Ҳиндистонга 23 тонна мош экспорт қилдик. Шу кунда 30 тонна олма, 100 тонна қизил сабзи экспортга тайёр. Энди агрофирмамиз тўла қувват билан фаолият юритиши учун мустаҳкам асос бор.

Бундай мисоллар кўп. Ва буларнинг барида бир ҳақиқат мужассам – яхши яшаш учун ҳаракат қилган одам имкон топади, баракага ҳам эришади. Ўз оиласи, эл-юрти фаровонлигига ҳисса қўшмоқчи бўлганнинг тадбири тақдирга мос келаверади.

Марҳамат, кредит олинг

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида давлат банклари «Бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши шарт»лигини таъкидлаб, бу борада аниқ вазифа қўйди: «Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак».

Кўп ўтмай мамлакатимиз тижорат банкларида бу вазифани амалга оширишга жиддий киришилди: аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилмоқда, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бунда аҳолига чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби йигирмадан зиёд йўналишда тадбиркорлик қилиш учун кредитлар таклиф этилмоқда.

“Микрокредитбанк” АТБдан маълум қилишларича, жорий йилда банкнинг “Оддий аҳолини тадбиркорга айлантириш” лойиҳаси 698 мингдан зиёд хонадонни қамраб олади. Махсус жадвал асосида жойларда аҳоли билан учрашувлар давом этмоқда. Айни кунгача мамлакатимиз бўйлаб 10 мингдан зиёд хонадонда суҳбатлар ўтказилган. Бунда аҳоли кўпроқ боғдорчилик, чорвачилик, ихчам иссиқхона қуриш, паррандачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш каби соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган. Дейлик, мазкур лойиҳа доирасида чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун Янги йил байрами арафасида яккабоғлик Акбарали Нурмановга 14 миллион, Бекзод Яхшиевга 11 миллион сўм кредит ажратилган. Бу билан икки оила рўзғорига барака кирди, уларнинг яшашга, ишлашга иштиёқи ортди. Чунки кредит – одамни янада кўпроқ меҳнат қилиб, қарзни ўз вақтида узишга ундайди. Бу тадбиркор бўлишда айни муддао.

«Қишлоқ қурилиш банк»дан маълум қилишларича, 7 январь ҳолатига, банк ходимлари 32,6 мингдан зиёд хонадонда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлар ўтказган. Шундан қарийб 3 минг фуқаро ўз бизнесини бошлаш истагини билдирган. Улардан 155 нафарига 1,5 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилган. Натижада қисқа вақтда чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона фаолияти, ҳунармандлик каби соҳаларда янги иш ўринлари яратилган.

Гуласал Йўлдошева 2016 йили Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги Агробизнес ва сервис касб-ҳунар коллежини битирди. Бироқ коллеж дипломи билан қаерда ишлашни билмай ўйланиб турган қизнинг орзуларига «Қишлоқ қурилиш банк»нинг янги лойиҳаси кенг йўл очиб берди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим», деган гапларини тинглаб, кредит олгани қайси банкка борсам экан, деб ўйланиб турганимда, уларнинг ўзи уйимизга келиб, кредит олишим мумкинлигини айтди, – дейди Гуласал. – Тўғриси, бу оиламиз учун Янги йил байрамига катта совға бўлди: бир ҳафта нари-берисида 3 йил муддатга 7 миллион сўм кредит ажратишди. Бу пулга кичикроқ икки новвос, бузоғи бор соғин сигир сотиб олдик. Энди оиламиз билан мол-ҳолга яхши қараб, уларни кўпайтириб, кредитни ўз вақтида тўласак, тадбиркорлик фаолиятимизни янада кенгайтириш учун каттароқ миқдорда кредит олишимиз мумкин.

Ҳа, одамларнинг тадбиркор бўлишга интилишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Энг муҳими, бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 7 январь куни мамлакатимиз прокуратура соҳасининг бир гуруҳ ходимлари билан учрашувда бу ҳаётий ҳақиқатни барчамизга яна бир бор эслатиб, «Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади», деб таъкидлади. «Тадбиркор бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни фоизи билан ўзи тўлайди. Шунга қарамасдан таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор – бу ҳақиқий фидойи инсон. Мен бундай одамларни, лоақал иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», деди.

Аслида ҳам йўқдан бор қилаётган, бирни ўнга айлантираётган одам – бунёдкор одам. Унинг аниқ ҳаётий мақсади, йўли ва манзили бор, умр мазмуни ҳақида ўз фикри бор, шундан завқ ва ҳаловат топадиган орзу-умидлари бор. Зотан, ўз қарашлари ва мезонларига эга, йўли ойдин, манзили ёруғ халқ карвонини ҳеч қандай куч чалғитолмайди.

Умид Ёқубов, ЎзА
5 726






Все о погоде - Pogoda.uz