Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Тадбиркор бўлиш учун нима қилиш керак?

Тадбиркорлик нима? Тадбиркор бўлиш учун аввало нималарга эътибор қаратиш керак? Бугун юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имконият ва имтиёзлар мавжуд?

Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Қарши шаҳар давлат хизматлари маркази ҳамкорлигида ўтказилган очиқ мулоқотда шу саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. 

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида тадбиркорлик билан боғлиқ фаолият турлари рўйхати батафсил келтирилган, – дейди Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси масъул ходими Қурбон Аллаёров. – Бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган касб-ҳунар коллежи битирувчиларига кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасида касб-ҳунар коллежи битирувчилари коллежни тамомлаганидан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда 6 ой муддатга солиқ тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилган. Бундай қулайликлар фаолият бошлаган ёш тадбиркор учун айни муддао бўлади. Энг муҳими, тадбиркор бўлиш учун инсонга иқтидор, қобилият, уддабуронлик керак. Ана шу хислатлар инсонда жам бўлса, ундан яхшигина тадбиркор чиқади.

Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит маблағлари олиш, хориждан технологиялар келтириш юзасидан ҳам батафсил маълумотлар берилди.

– Мен тадбиркорлик деганда фақат банкдан кредит олиш ва савдо- сотиқ билан шуғулланишни тушунар эканман, – дейди коллежнинг 3-босқич ўқувчиси Достон Бойтўраев. – Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ муносабатлари билан боғлиқ масалаларга оид билимим етарли эмас экан. Бугунги тадбирда бу борада зарур маълумотларга эга бўлдим.

Тадбирда ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 939