Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.11.2017 17:09 Чоп этиш версияси

120 иш ўрни яратишни ният қилган тадбиркор эндиликда фермерликда ҳам омадини синаб кўрмоқчи

Аёл – меҳрибон она, мунис опа-сингил, суюкли ёр... Мана шундай бир-биридан азиз рутбаларнинг бахту саодатини, қувончу ташвишини, шараф ва масъулиятини нозик елкасида кўтариб юрган аёлларимиз нафақат оиладаги вазифасини уддаламоқда, балки жамиятимизнинг турли жабҳаларида фидойилик билан меҳнат қилиб, улкан ютуқларга эришмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда 2017 йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазкур ишлар самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу жараёнда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, ташаббус ва ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик соҳасида аёлларимизнинг маҳоратини кўришимиз мумкин.

Атрофида шогирдларини жамлаб, жонкуяр устоз бўлиб, ўз касбининг сир-асрорини меҳр ва куюнчаклик билан шогирдларига ўргатаётган аёлни кўрганимизда ҳақиқий ишбилармон ўзбек аёлининг қиёфаси намоён бўлади.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган «ELLE» Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси раҳбари Манзура Йўлдошева ана шундай тадбиркор аёллардан. Манзура опа қўли-қўлига тегмай, бир-биридан чиройли ва бежирим пальтоларни тикаётган хотин-қизларга ҳам йўлбошчилик, ҳам устозлик қилади. Асли ҳунармандлар оиласида вояга етган М.Йўлдошева 1995 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб 8 ишчи ишлаган корхонада бугун 50 хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

– Корхонамизда аёллар учун пальто тикилади, – дейди Манзура опа. – Ёшлигимда онам, аммаларим давра қуриб, дўппи, камзул, эркаклар костюмини тикишарди. Уларга ҳавас қилиб мен ҳам нималарнидир тикишга ҳаракат қилардим. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилди. Бундан руҳланиб, мен ҳам аёллар пальтосини тикишни йўлга қўйдим. 2009 йил корхонамиз фаолиятини кенгайтириб, туркиялик ҳамкорлар билан «ELLE» қўшма корхонасини очдик.

Мазкур корхонада ишлаб чиқарилган пальтолар ўзининг сифати, енгил ва қулайлиги билан ички ва ташқи бозорда жуда харидоргир. Ҳар бир фасон учун танланган ранглар ўзининг тиниқ ва нафислиги билан ажралиб туради.

– Пальтолар дизайнини хорижлик ҳамкорлимиз билан биргаликда тайёрлаймиз, – дейди М.Йўлдошева. – 2018 йилдан бошлаб болалар учун пальто ва қишки иссиқ кийимлар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан самарали фойдаланган ҳолда, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларни экспорт қилиш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшаётганимиздан жуда бахтиёрмиз.

Келажакда корхона фаолиятини кенгайтириб, 120 иш ўрни яратишни ният қилган Манзура опа эндиликда фермерликда ҳам ўз омадини синаб кўрмоқчи.

– Пискент туманидан 1,5 гектар ерда чорвачилик учун мўлжалланган ер олдик. У ерда бозорга сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди Манзура опа. – Бундан ташқари лимонария қуриш, 700 туп гилос дарахтини парвариш қилиб, боғдорчиликка ҳам қўл урмоқчимиз.

Корхонада фаолият олиб бораётган ходимларнинг 90 фоизини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, уларнинг нафақат меҳнат қилиши, балки жамиятда ўз ўрнини топиши, ижтимоий, маънавий, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи билан ҳамкорликда «уста-шогирд» тизими асосида коллеж ўқувчиларига маҳорат дарслари ташкил этилиб, бичиш-тикиш сирларини ўргатиш тизими йўлга қўйилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА
3 512






Все о погоде - Pogoda.uz