“Sultonbek baliq” 1 миллиард 625 миллион сўм даромад олишни мўлжалламоқда
Жиззах вилояти Фориш туманида ўтган йили 7 минг 725 тонна балиқ овланган эди. Жорий йилда бу кўрсаткични 8 минг тоннадан ошириш режалаштирилган.
Жиззах вилояти Фориш туманида ўтган йили 7 минг 725 тонна балиқ овланган эди. Жорий йилда бу кўрсаткични 8 минг тоннадан ошириш режалаштирилган."Sultonbek baliq” хусусий корхонаси раҳбари Шербек Камолов тармоқда муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлардан. Корхона жамоаси ўтган йили 110 тонна балиқ етиштирди.
– Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, имтиёзли кредитлар ажратилаётгани туфайли ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳам, истеъмолчилар талаби ҳам кўпаймоқда, – дейди Ш.Камолов. – Бу йил “Ипотекабанк” туман филиалидан олинган 200 миллион сўм кредит эвазига сунъий ҳавзамизни янада кенгайтирдик. Йил охиригача балиқ етиштириш ҳажмини 250 тоннага етказиб, 1 миллиард 625 миллион сўм даромад олишни мўлжалламоқдамиз.
Балиқчилик хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани тармоқда фаолият кўрсаётган тадбиркорлар имкониятларини кенгайтирмоқда. Айни пайтда туманда балиқчилик билан шуғулланаётган хўжаликлар сони 54 тага етди.
Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қўлланиладиган янги имтиёз ва солиқ енгилликлари соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, тармоқда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли семинар ва учрашувлар ўтказилиб, молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ишларда ёрдам кўрсатилмоқда.