Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 16:35 Чоп этиш версияси

«Ўзбекинвест» суғурта компанияси томонидан 2016 йилда мижозларга 15 миллиард сўмлик суғурта қопламалари тўлаб берилди

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида 2016 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш, ҳудудий филиаллар ва бўлимлар ишини фаоллаштириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди. Хусусан, 2016 йилдаги инвестиция дастурига киритилган тўқсонга яқин лойиҳага 17,5 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этилди. Юридик ва жисмоний шахслар билан 207 мингдан ортиқ суғурта шартномаси имзоланган.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Маҳаллий экспортчилар мулкий манфаатларини комплекс суғурта ҳимояси билан таъминлаш учун 500,8 миллиард сўмлик суғурта шартномалари тузгани бунинг ёрқин исботидир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт шартномаларини cуғурталаш бўйича 263,5 миллиард сўмлик мажбуриятлар олинди.

– 2016 йил якунлари бўйича компаниямизда йиғилган суғурта мукофоти 104 миллиард сўмни, олинган суғурта мажбуриятлари 58,5 триллион сўмни ташкил этди, – дейди компаниянинг ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов. – Шунга мос равишда тўлаб берилган маблағ ҳажми ҳам ортмоқда. Хусусан, аҳоли, корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тўлаб берилган суғурта қопламалари 15 миллиард сўмни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 135 фоизга ўсди.

Мажбурий суғурта турларини ривожлантириш компаниянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ва “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар бу борада дастуриламал бўлаётир. Амалга оширилган тадбирлар натижасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 5,4 миллиард сўмни, тўланган суғурта қопламалари 507,7 миллион сўмни ташкил этди. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича йиғилган суғурта мукофоти ҳажми 386,9 миллион сўмга етган бўлса, тўланган суғурта қопламалари 24,8 миллион сўмни ташкил этди.

Йиғилишда мавжуд суғурта маҳсулотларини такомиллаштириш натижасида ўндан ортиқ янги суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилгани, мижозлар талаб ва эҳтиёжи асосида намунавий суғурта шартномаларининг 56 тасига ўзгартиришлар киритилгани қайд этилди. Келгусида ҳудудий филиаллар иши самарадорлигини янада оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 534






Все о погоде - Pogoda.uz