Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Наманганлик фермер 200 тонна сиғимли музлатгич-омборхона қуришни режалаштирмоқда

Наманганлик фермер 200 тонна сиғимли музлатгич-омборхона қуришни режалаштирмоқда Наманган шаҳрида яшовчи Собиржон Мусабоев боғбон-фермер. У барпо қилган боғни кўрсангиз, шаҳарда яшаб, доим хонада ўтириб ишлаган, умрида қўлига кетмон ушламаган инсон шундай боғ яратганига ишонгингиз келмайди. Негаки, Собиржон ака кўп йиллар сураткаш бўлиб ишлаган-да.

Болалигидан табиатга меҳр қўйиб улғайган Собиржон ака ҳамманинг ҳавасини тортадиган боғи бўлишини орзу қиларди. Унинг бу орзуси мустақиллик шарофати билан амалга ошди. Фотостудияни шогирдларига топшириб, фермер хўжалиги ташкил қилди.

Чортоқ туманидаги қир-адирлар этагидан пахтачиликда рентабеллиги паст бўлган 5 гектар ер олиб, “Боғи Эрам инвест” фермер хўжалигини ташкил қилганига 5 йил бўлди. Ўшанда Сербиядан келтириб экилган “Голден”, “Айдарет”, “Грант Смит” навли 10 минг туп олма кўчатининг қанчаси кўкаради-ю, қанчаси иқлимга мослашолмай нобуд бўлади, Собиржон аканинг ўзи ҳам билмасди ҳали. Интилганга толе ёр, деганларидек, интенсив боғ яратиш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлар зое кетмади. Тажрибали боғбонлар Муҳаммаджон Турсунов, Ҳусниддин Усмонжонов, Шаҳло Усмонжонова ва ўғли Сардорнинг тинимсиз меҳнати самара берди. Ниҳоллар тўлиқ илдиз отиб, учинчи йили ҳосилга кирди.

7 (1).jpg

Мутахассисларнинг таъкидлашича, олма дарахти ҳосилга киргач, ҳар тупидан ўртача 50-60 килограммдан, 5 гектар боғдан эса 300 тонна мева олиш мумкин.

– Мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, айниқса, қайта ишлаш ва экспорт ҳар томонлама рағбатлантирилаётгани ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда, – дейди боғбон. – Ўтган йили 150 тонна ҳосил олдик. Бу йилги режамиз ундан ҳам кўпроқ. Ҳосилнинг ярмини экспорт қилсак ҳам қанча даромад келтиришини ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг. Ҳозирча олмаларимиз ички бозорнинг ўзидан ортмаяпти. Яна бир-икки йилда, албатта, ташқи бозорга чиқамиз. Даромадимиз ҳисобидан 200 тонна сиғимли музлатгич-омборхона қуриш, яна ер олиб ёнғоқзор ва бодомзор ташкил этишни режалаштирганмиз.

Ҳа, мустақиллик ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш, жаҳонда тенглар ичра тенг бўлиш, ғурур ва ифтихор туйғусини бериш билан бирга, ҳар кимга, ҳар биримизга истеъдод ва салоҳиятимизни юзага чиқариш, шароит бўлса нималарга қодир эканимизни намоён этиш имкониятини ҳам яратди. Бунга Собиржон ака Мусабоев фаолияти яққол мисолдир.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 465






Все о погоде - Pogoda.uz