ЎзА Ўзбек

12.01.2018 19:37 Чоп этиш версияси

Сирдарёда эчкичиликни ривожлантириш кимларгадир ёқмаяптими?

Сирдарё туманидаги “Малик” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида 10 минг бош зотли эчки боқиш, сутни қайта ишлаш ва ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳа билан танишиб, унга бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурлигини таъкидлаб, сутдор эчкилар зотини кўпайтириш, маҳсулотни корхонанинг ўзида қайта ишлаш, ем-хашакни ҳам шу ернинг ўзида тайёрлаш ва жамғариш юзасидан тавсиялар берган эди.

Зотдор эчкиларни кўпайтиришга мўлжалланган ушбу истиқболли лойиҳанинг ташаббускори “Inzimtex” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси ҳисобланади. Корхона, вилоят ҳокимлиги ва “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиали томонидан туманда эчкичилик тармоғини янада ривожлантириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳисобидан маҳсулдорликни ошириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 51,5 миллиард сўм бўлиб, унинг 26,3 миллиард сўми “Ипотекабанк” кредити, 25,2 миллиард сўми эса корхонанинг ўз маблағидир.

Корхонанинг умумий майдони 22 минг квадрат метр бўлиб, лойиҳа қурилиш учун ажратилган ер майдони 7 минг 100 квадрат метрни ташкил этади.

– Ушбу лойиҳани уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган, – дейди “Inzimtex” қўшма корхонаси иш бошқарувчиси Фахриддин Нуриев. – Биринчи босқичда оғилхоналар тўлиқ реконструкция қилинади. Ишчилар учун ҳозирча 25 ўринли ошхона, 16 ўринли ётоқхона, мўъжазгина кутубхона, маъмурий идора, омборхона янгидан барпо этилди. Ишчилар икки маҳал иссиқ овқат ва махсус кийим билан таъминланган. Ҳозирча корхонамизда 15 киши меҳнат қилмоқда. 2016 йилнинг октябрь ойида Австриядан келтирилган “Альпийский” зотли 270 бош эчки эрта кўкламда болалайди. Уларнинг жайдари эчкилардан фарқи шундаки, кунига 3-3,5 литр сут беради, сутининг ёғлилик даражаси 4,5-5 фоиз.

Тўлиқ қайта реконструкция қилинган оғилхонанинг соғин цехига хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Ускуналар компьютерлаштирилган бўлиб, ҳар бир эчки сутининг миқдори, ёғлилик даражаси компьютерда аниқ акс этиб туради. Компьютерга қайси эчкининг қачон болалаши, қайси наслдан экани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар киритиб борилади.

Бу ерда шунингдек, Туркиянинг “Dukci Eskibarаj” фирмасида ишлаб чиқарилган махсус ем тайёрланадиган чорва ускуналари ўрнатилган. Уларда эчки учун озуқабоп ем-хашак тайёрланиб, жониворлар рацион асосида пешма-пеш озуқлантириб борилмоқда.

Жорий йилда корхона ишчилари 117 гектар майдонда беда, дуккакли экинлар, арпа, маккажўхори парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Қишга тайёрланган озуқани сақлаш мақсадида янгидан барпо этилган омборхонада жамғарилган сомон, ғарамланган беда, маккажўхори пояси, бошоқли дон маҳсулотлари, ошқовоқ, сабзи жониворлар учун озуқа вазифасини ўтамоқда. Шунингдек, бу ерда “Сменат” ҳамда “Голдштейн” зотли 82 бош қорамол ҳам парваришланаётир.

Лойиҳанинг илк босқичи тўлиқ амалга ошгач, қўшма корхонада ойига 614 тонна сут етиштирилиб, ундан 120 тонна пишлоқ ва 98 тонна бринза ёки 5,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг жорий – 2018 йилга мўлжалланган иккинчи ва келгуси 2019 йилга мўлжалланган учинчи босқичларида зотли эчкилар сонини 10 минг бошга етказиш ва хорижда ишлаб чиқарилган соғиш тизимини яна қўшимча сотиб олиш, сутни қайта ишлаш, пишлоқ ва бринза маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган махсус бино ва қайта ишлаш цехлари қуриш режалаштирилган.

– Жорий йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилгани, тадбиркорлар имкониятини янада кенгайтирди, – дейди “Inzimtex” қўшма корхонаси раҳбари Тофик Алиев. – Жорий йил Австриядан яна 500 бош зотдор эчки ва 200 бош қорамол келтиришни режалаштирганмиз. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, бу ерда 120 янги иш ўрни яратилади. Бу истиқболли лойиҳани амалга оширишимиз учун эса яна қўшимча 100 гектар суғориладиган ҳосилдор ер майдони ва албатта маблағ зарур бўлади. Сирдарё тумани ҳокими ер масаласида муаммо бўлмаслигини таъкидлади. Аммо, “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиали томонидан зарур кредит маблағи ҳозиргача тўлиқ ажратилмади.

Корхона раҳбари айтганидек, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, йилига 9,3 минг тонна сут етиштирилиб, ундан 1,8 минг тонна пишлоқ, 1,5 минг тонна бринза ёки 75 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Демак, даромад ҳам шунга яраша бўлади. Бунинг устига қанча-қанча иш ўрни дегани. Банк эса ажратган кредити учун корхона қарзини ойма-ой устама фоизи билан қайтариб олади, албатта. Шундай экан, банк мутасаддиларининг белгиланган кредитни тўлиқ ажратмаётганини қандай тушуниш мумкин? Балки бу лойиҳанинг амалга оширилишига нимадир халақит қилаётгандир, эҳтимол кимлардир бу лойиҳага қаршидир?

Ушбу истиқболли лойиҳадан кўзланган мақсад, вилоятда сут ва сут маҳсулотлари, гўшт етиштиришни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш, энг муҳими, одамларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Бугун юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг ҳам бош мақсади шу-ку аслида!

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
15 690