Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 16:29 Чоп этиш версияси

Сифатли ва арзон маҳаллий дорилар

Юртимиздаги дорихоналарда йил сайин Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сони кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада барча вилоятларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фармацевтика корхоналари қайта жиҳозланмоқда, уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилувчи замонавий тизимлар жорий этилаётир.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, уларда 2,1 мингдан ортиқ номдаги дори, тиббиёт буюмлари ва махсус техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Диёримизнинг шифобахш ўсимликларга бойлигидан келиб чиқиб, маҳаллий ўсимликлардан дори воситаларини ишлаб чиқариш юртимиз фармацевтика саноатини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишига айланди. 120 дан зиёд корхона бундай ўсимликларни етиштириш, йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.

“Ўзкимёфарм” акциядорлик жамияти ана шундай йирик корхоналардан биридир.

– Биз организмга ижобий таъсир кўрсатиб, унинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширадиган ва модда алмашинувини фаоллаштирадиган кўплаб микроэлементлар мавжуд доривор ўсимликлардан фойдаланамиз, – дейди “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ш.Рўзметов. – Шифобахш ўсимликлар асосидаги дори воситалари ёки, бошқача айтганда, гален препаратларининг синтетик дориларга нисбатан зарари камроқ бўлиб, уларни узоқ вақт қабул қилганда ҳам инсон организмига ножўя таъсир кўрсатмайди. Шу боис ҳам мана шундай дориларни истеъмол қилиш йил сайин оммалашиб бормоқда.

Ҳозирги кунда “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамиятида касалликни даволаш, ташхис қўйиш ва унинг олдини олишда қўлланиладиган препаратларни яратиш ва ишлаб чиқариш ишлари амалга оширилмоқда. Қарийб юзга яқин номдаги мазкур препаратлар 14 фармакотерапевтик гуруҳни қамраб олади.

Жамиятда фитин, тефэстрол, рагосин, газолидон, микройодид, антиструмин ва нитроксолин сингари ноёб тиббий препаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ўзига хос гален препаратлари қиммат, синтетик препаратлар ўрнини босиб, организмни комплекс даволашда ишлатилади. Фермер хўжаликлари мазкур дориларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ўсимлик хомашёсини етиштириб, корхонага етказиб бераётир. Тайёр маҳсулот суюқ гален, капсула препаратлари, сироп, таблетка ва мазь сингари шаклларда сотувга чиқарилмоқда.

Маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг юқори сифати ва самарадорлигини таъминлашда ишлаб чиқариш жараёнининг халқаро стандартларга тўла мослиги муҳим аҳамият касб этади. Уларни жорий этиш учун завод барча ходимларининг малакаси оширилди, инъекция препаратларини ишлаб чиқариш цехи тўлиқ қайта жиҳозланди. Бу ерда инъекция эритмаларини тайёрлаш учун ишлатиладиган сувни кўп босқичли тозаловчи замонавий тизим ўрнатилди. Инъекция препаратлари билан тўлдирилган ампулаларни ишлаб чиқариш линияси созланиб, ишга туширилди. Юқори даражадаги аниқ механизм ва ускуналар тўла стерилланган шароитда ва деярли инсон иштирокисиз ампулаларни ультратовуш тозалаш, шамоллатиш, стериллаш ва уларнинг мустаҳкамлигини синовдан ўтказиш ишларини амалга оширади, ампулаларни зарур эритма билан тўлдириб, бекитади. Ишлаб чиқариш жараёнининг автоматлаштирилгани ва компьютерлаштирилгани инъекция препаратлари ва ампулалар ичига ҳаво ва турли микроблар тушиб қолмаслигини тўлиқ кафолатлайди.

Ҳар бир ишлаб чиқариладиган дорилар туркуми “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамиятининг микробиологик таҳлилий лабораториясида атрофлича синовдан ўтказилмоқда. Мазкур лаборатория халқаро стандартларга мос, юқори самарали замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Хусусан, илгари бир туркум дорини текшириш учун икки ҳафтагача вақт сарфланган бўлса, ҳозирги кунда бу иш 1-2 кун ичида амалга оширилмоқда.

Импорт ўрнини босадиган гален препаратларини яратиш ва ишлаб чиқариш мамлакатимиз фармацевтика бозорида юқори самарадор ва арзон дори воситари номенклатурасининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 386






Все о погоде - Pogoda.uz