Сергелида коллеж битирувчилари учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Сергели туманидаги Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежида ўтказилган меҳнат ярмаркасида йигирмага яқин корхона, ташкилот ва муассаса мингдан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Сергели туманидаги Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежида ўтказилган меҳнат ярмаркасида йигирмага яқин корхона, ташкилот ва муассаса мингдан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этди.Мазкур ярмарка Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар бош бошқармаси, Сергели тумани ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ишсиз фуқаролар иштирок этди.
Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Х.Бобохонов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янгича ёндашувларни амалиётга жорий этишда дастуриламал бўлаётир. Мазкур фармонда ишсиз аҳолини, ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежи битирувчиларини, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ихтисослаштирилган иш ўрни ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, аҳоли ва иш берувчилар учун меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш йўли билан ишга жойлаштиришга кўмаклашиш вазифалари белгиланган.
– Сергели туманида фаолият юритаётган 7 касб-ҳунар коллежини жорий ўқув йилида 2 минг 662 ўқувчи тамомлайди, – дейди ХДП Сергели тумани кенгаши раиси Мирзоҳид Хидиров. – Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларни манзилли ҳимоялаш орқали меҳнатга жалб қилишдир.
Тадбир доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида битирувчи ёшлар билан ўқув-семинар ўтказилди. Сергели политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулжамол Эргашева сингари ташаббускор ва ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган 9 коллеж битирувчисига банклардан имтиёзли кредит олиш учун сертификат топширилди.