Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Сармоя бериш тартиби янада соддалашди

«Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан «Аҳолини тадбиркор қилиш» дастури доирасида фуқаролар қизиқишлари ўрганилди.

Мазкур банк жамоаси 340 мингдан ортиқ хонадон эгаларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида тушунтириш ишларини олиб борди. Шундан 32 минг 700 дан зиёд фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган. Ҳозир улардан қарийб 22 минг нафарига 127 миллиард сўм кредит ажратилди.

"Ипотека-банк" акциядорлик-тижорат банки томонидан журналистлар учун ўтказилган мулоқотда аҳолининг барча қатламларини тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги қатор ўзгаришлар хусусида сўз юритилди. Айни вақтда мамлакатимизда аҳолининг банк кредитларига бўлган эҳтиёжларига кўра, 23 йўналишдаги фаолият учун сармоялар таклиф этилмоқда. Паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, сервис хизматлари, қандолатчилик, тикувчилик кабилар шулар сирасидандир.

– Сармоялар ажратишда, аввало, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда, – дейди банкнинг Тошкент вилояти бошқарувчиси ўринбосари Шуҳрат Қўрғонов. – Бунда уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш орқали ижтимоий аҳволини яхшилаш, иш билан таъминланиш даражасини ошириш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, Олмалиқ шаҳрида яшовчи Боиржон Қаршибоевга металл буюмлар тайёрлашни йўлга қўйиш учун 10 миллион сўм ажратилди. Ҳозир темир дарвоза, панжара каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига унинг оиласи кунига ўртача 60-70 минг сўм маблағ топмоқда. Ёки ангренлик Абдураҳмоновлар оиласига кўрпа, парда, кийим-кечак тикишни ташкил этиш учун сармоя ажратилди ва оиланинг моддий аҳволи яхшиланмоқда.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк кредит хизматларидан самарали фойдаланишини янада кенгайтириш доимий эътиборда. Шу боис аҳолига сармоялар ажратиш тизимини янада соддалаштириш, имтиёзли даврини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Айни вақтда микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача, асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, уч йилгача муддатга берилмоқда. Агар тадбиркор битта иш ўрни яратса кредит 9 фоиз, иккита иш ўрни яратилганда 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш ўрнига 7 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш жойлари яратилганда 6 фоиз миқдорида берилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида банк жамоаси аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш чораларини кўрмоқда. Бунда "Ипотека-банк" акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раисининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар ҳам қўл келмоқда. 2016 йилнинг октябрида ташкил этилган мазкур хизмат орқали ҳозирга қадар бир минг уч юздан ортиқ жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатлари қабул қилинган. Айни вақтда мазкур мурожаатларнинг қарийб 97 фоизи ўзининг ижобий ечимини топган.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 192






Все о погоде - Pogoda.uz