Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 16:54 Чоп этиш версияси

Саноат ярмаркаси: ҳамкорлик ва самара

Саноат ярмаркаси: ҳамкорлик ва самара Хоразмда вилоятдаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган 600 га яқин йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2013-2016 йилларда Хоразм вилоятида гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар, маиший газ баллони, енгил автомобиллар учун музлатгичлар, қуёш батареялари ва коллекторлари, светодиод лампалар, спорт инвентарлари, чарм, атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

– Бу йилги ярмаркада илк бор ўз маҳсулотларимиз билан қатнашмоқдамиз, – дейди Урганч шаҳридаги “Xorazm Dekor Art” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Камола Гириш. – Корхонамизда декоратив панеллар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда ушбу панеллардан биноларнинг ташқи кўринишига сайқал беришда пардозлаш воситаси сифатида кенг фойдаланилмоқда. Маҳсулотимиз сифатига 15 йил кафолат берамиз. У узоқ йиллар давомида бино ва турар жойларга кўрк бағишлаш билан бирга, хоналарни иссиқ ва совуқдан сақлайди. Офтобда ўз рангини йўқотмайди. Хомашёни асосан маҳаллий корхоналардан оламиз. Ярмарка давомида кўплаб ишлаб чиқарувчилар, савдо корхоналари ҳамкорликда ишлашни таклиф этди. Икки томонлама манфаатли шартномалар тузишга эришдик.

Кўргазма давомида вилоятдаги ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш учун 35 миллиард сўмликдан ортиқ ҳамда экcпорт қилиш бўйича 6 миллион 300 минг доллар миқдоридаги шартномалар имзолади.

Тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА
863






Все о погоде - Pogoda.uz