Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 20:34 Чоп этиш версияси

Самарали мулоқотлар, фойдали келишувлар

Самарали мулоқотлар, фойдали келишувлар «Ўзэкспомарказ»да соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ҳамда Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари мажмуаларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 мартдаги «2017 йилда халқаро саноат ярмарка ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тармоқлараро алоқаларни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастурларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда анъанавий ўтказиб келинаётган тармоқлараро саноат ярмаркалари хомашё, бутловчи қисмлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, корхона, ташкилот, муассасалар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.

Тармоқлараро саноат ярмаркасида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги ва уларнинг таркибига кирувчи корхоналар, енгил саноат маҳсулотлари, мебеллар, спорт анжомлари, маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчи беш юз ўттиздан ортиқ корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти иштирок этмоқда.

«Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни стендида мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кенг намойиш этилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда бир юз элликка яқин фармацевтика корхонасида икки минг турдан ортиқ дори-дармон ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу самарали шифо воситаларидан мамлакатимиз тиббиётида кенг фойдаланиш баробарида улар дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқариш жараёни йилдан-йилга такомиллашаётир. 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир 67 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради.

– Корхонамиз 2014 йилда ташкил этилган, – дейди пойтахтимиздаги «Турон силк фарм» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шоҳсанам Жумаева. – Бугунги кунда маҳаллий хомашёдан жарроҳлик соҳасида ишлатиладиган юз хилга яқин иплар ишлаб чиқаряпмиз. Операция ва жароҳатларда қон тўхтатишда юқори самарадорликка эга коллагенли восита мутахассисларга манзур бўлмоқда. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти олимларининг ихтироси бўлган ушбу табиий маҳсулот чет элдаги аналогларидан бир неча баробар арзон, сифати халқаро андозаларга тўла мос келади. Ушбу саноат ярмаркаси ана шундай янги ва самарали тиббий маҳсулотларимизни мутахассислар ва харидорларга кенг намойиш этиш, ҳамкорлар излаб топишда катта имконият яратмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга эришишда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида фаолият юритаётган «Эко-энергия» маркази бу борада қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мазкур корхона томонидан 2016 йилда олис ҳудудларда жойлашган таълим, тиббиёт ва ижтимоий муассасаларга тўрт юзга яқин қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатиб берилди. Корхона томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший чиқиндилардан биогаз ва биоорганик ўғит олиш учун экологик соф технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур ярмаркада ана шу жараёнда қўлланилаётган қуёш фотоэлектр станциялари, сув иситиш коллекторлари, шамол генераторлари, биогаз қурилмалари кенг намойиш этилаётир.

Ярмарка майдони жуда кенг, маҳсулотларнинг тури ҳам хилма-хил. Улар орасидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотлари, чарм-пойафзал, санитария-гигиена воситалари, маиший техникалар, спорт анжомларидан тортиб ахборот технологиялари маҳсулотларининг ҳам кенг ассортиментларини топиш мумкин.

Мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт, спорт муассасалари ва уй-жойлар учун жиҳозларнинг минглаб турлари намойиш этилаётган стендлардан ҳар бир инсон ўз диди, иш ва яшаш жойига мос мебелни танлаб сотиб олиши учун қулай шароит яратилган.

– Ўтган йилги саноат ярмаркасида пойтахтимиздаги «Давр мебель» корхонаси билан болалар мебели сотиб олиш бўйича шартнома тузган эдик, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 541-мактабгача тарбия муассасаси мудири Муҳаббат Маҳкамова. – Корхона ўз вақтида жиҳозларни муассасамизга етказиб берди. Уларнинг сифати яхши, ҳар томонлама қулай. Бу йил ҳам ушбу корхона билан парта, стол, стул ва бошқа зарур анжомларни харид қилиш бўйича 19 миллион сўмлик шартнома имзоладик.

Андижон вилоятидаги «Минитекс» кичик корхонасининг стендига териб қўйилган спорт анжомлари, айниқса, футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари катта-ю кичикни ўзига жалб этмоқда. Корхона директори Ашурали Аҳмедовнинг айтишича, 2003 йилда очилган корхонада бугунги кунга келиб эллик хилдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Халқаро сифат стандартлари жорий этилган корхона маҳсулотларига талаб катта.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги яратилган имкониятлар ҳар бир инсоннинг ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқариш, айниқса, аёлларнинг ишлаб чиқаришдаги иштирокини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Яшнобод туманидаги «Тузелтекс» корхонаси раҳбари Асал Худоёрова 2012 йилда оилавий корхона ташкил этиб, ўз фаолиятини йилдан-йилга кенгайтирмоқда. Тикувчилик борасидаги тажрибасини маҳалла аёлларига ўргатмоқда. Бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган ўттиз хилдан кўпроқ маҳсулотнинг харидорлари бор. Улар тиббиёт, таълим, нефть-газ ва бошқа саноат корхоналаридир. Ўтган йили оилавий тадбиркор ушбу ҳамкорларига қарийб уч юз миллион сўмлик маҳсулот етказиб берди. Бу йилги саноат ярмаркасида ҳам ҳамкор ташкилотлар томонидан шартномалар имзолаш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.

Тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида қатор корхоналарнинг тақдимотларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Баҳор Хидирова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
4 809






Все о погоде - Pogoda.uz