Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.12.2017 17:23 Чоп этиш версияси

Самарқандлик фермер бир туп шафтолида уч хил мева етиштирмоқда

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги "Чиғатой файзли боғлари" фермер хўжалиги раҳбари дунё экотуризм фаолиятини кузатиб, сайёҳларнинг фермерларнинг уйи ёки дала шийпонида қолишига гувоҳ бўлгач, сайёҳлар учун меҳмонхона қуришни бошлаб юборди. Уни ёнида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш цехи ҳам барпо этилмоқда. Ана шунда сайёҳлар гулзор, боғ ва иссиқхонани томоша қилиб, цехда тайёрланган экологик тоза шарбатлардан истеъмол қилиши учун шароит яратилади.

Фермернинг боғи бир неча қисмдан иборат. Унинг бир тарафида  Европадан келтирилган гуллару, дарахтлар бўлса, яна бир тарафида Шарқ эртакларига тушиб қолгандай бўласиз. Энг муҳими эса  Америка ва Канадада ўсадиган ёнғоқ навлари, Грузия ноклари, Грециянинг олхўри, шафтолиси, Ҳиндистоннинг данаксиз аноригача пайвандлаш усулида кўпайтирилмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, одатда, нок кўчатини кўкартириш қийинроқ, унинг мева беришига ҳам 10-12 йил керак бўлар экан. «Чиғатой файзли боғлари" боғбонлари бу  муддатни 80 фоизга қисқартиришга эришди. Тезпишар ва серҳосил навини кўпайтириш мақсадида олмурутга пайванд қилинган нок кўчатлари уч йилда ҳосилга киради. Бу нав июнь ойининг ўрталаридан октябрнинг сўнгига қадар ҳосил беради. Хўжалик боғида пайвандлаш орқали кўпайтирилган йил давомида ҳосили навбат билан пишадиган яна бир мевали дарахт бор. Бу шафтоли бўлиб, унинг бир тупида уч хил мева, уч муддатда пишади. Бундай шафтолидан кўплаб кўчат етиштиришга ҳам эришилди.

Боғдорчиликка бўлган иштиёқ боис, қаердаки серҳосил ва тезпишар, экспортбоп ва харидоргир мева ҳақида эшитса, топиб келиб, иқлимимизга мослаб, юртимизда кўпайтиришга ҳаракат қилади. Ҳеч бўлмаса уруғини кўкартиради. Фермер ана шу тарзда Хитойда ўсадиган "Гожа" доривор ўсимлигини кўпайтирди. Юрак, қон-томир, бел, оёқ, ошқозон, буйрак касалликлари учун дорилар тайёрланадиган бу ўсимлик мевасининг бир килограмми Европа давлатларида 100 долларга баҳоланади. Бир неча йиллар олдин Дубайдан келтирилган киви ҳозир 15-20 килограмм мева бермоқда. Шунингдек, киви кўчатлари ҳам тайёрланган бўлиб, буюртма асосида етказиб берилмоқда.

  – Беш сотихли табиий иссиқхонада анжир етиштираяпмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари  Тоҳир Ёрқулов. – Одатий усулда анжир етиштирилганда куз-баҳордаги кўмиб-очиш пайтида гул туганаклари кўп нобуд бўлади. Иссиқхонада эса анжирнинг мўл ҳосил беришини исботладик. Мўъжазгина иссиқхонадаги 12 туп лимоннинг ҳар биридан 30 килограммдан ҳосил оляпмиз. Энди эса узумдан йилига 2 маротаба ҳосил етиштирмоқчимиз. Эътибор қилсангиз, очиқ ҳолда узум етиштиришда кўчатлар кузда уйқуга кетади. Иссиқхонада эса доим мўътадил ҳароратда ҳосил туганаклари пайдо бўлаверади. Бу эса бир неча марта ҳосил олишда қўл келади.


Сайёра ШОЕВА
7 851