Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 21:07 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада 350 дан зиёд хорижий компания вакиллари қатнашди.

Халқаро ярмарка стендларида мамлакатимизнинг етакчи фермер хўжаликлари, тармоқ корхоналари томонидан намойиш этилган мева ва сабзавотлар, қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар Ўзбекистонда мазкур соҳадаги ислоҳотлар бераётган самараларнинг амалий намойиши бўлди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ташқи савдо иштирокчиларига яратилаётган қулайликлар, мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб беришни ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми муттасил ошиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Самарқанд вилоятидаги ваколатли вакили Нажмиддин Сулаймонов. – Вилоятда сўнгги бир ойда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти қарийб 30 фоизга ошгани бу борадаги имкониятларимиз катта эканидан далолат беради. Ярмарка давомида вилоятимизнинг 80 дан ортиқ ишбилармони томонидан 190 минг тоннадан зиёд маҳсулот етказиб бериш бўйича 130 миллион доллардан ортиқ экспорт битимлари имзолангани бизни янги марралар сари чорлайди.

18.JPG

Ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 150 дан ортиқ компания вакиллари ўз экспозицияларида кўплаб турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш қилиб, ўз хизматларини таклиф этди. Барча ҳудудларнинг мева-сабзавотчилик соҳасидаги салоҳиятига оид тақдимотлар ўтказилди.

Саховатли заминимиз инъом этаётган мева-сабзавотларнинг турли витаминларга бойлиги ушбу маҳсулотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарнинг ҳам жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлмоқда. «Marwin Brands» корхонасининг (Тошкент вилояти) «Dena», «Like» сингари бренд остида ишлаб чиқараётган табиий шарбатлари бугун наинки мамлакатимиз, балки Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон аҳолисининг ҳам севимли ичимликлари қаторидан жой олишида ана шу хусусиятларнинг ўрни алоҳида эътироф этилади.

Корхона менежери Равшан Бойматовнинг таъкидлашича, компания қўшни мамлакатлар билан чекланмай, Жанубий Африка Республикаси ҳамда Бирлашган Араб Амирликларига ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйган. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллион 400 минг долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинган бўлса, ярмарка давомида янги шартномалар имзолаш бўйича ҳамкорлар билан келишувга эришилган.

II халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Россия, Япония, Жанубий Корея, Австрия, Швеция, Швейцария, Португалия, Украина, Беларусь, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур ва бошқа мамлакатлар ишбилармонлари қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги ошаётганини яна бир бор кўрсатди.

16.JPG

Чет эллик қатнашчиларнинг фикрича, бундай самарали ҳамкорлик мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити туфайли изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонда турли соҳалар қатори аграр саноатда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар жорий этилган бўлиб, бу уларнинг мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритишига қулайлик яратмоқда.

– Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси юксак савияда ташкил этилгани билан ҳам эътиборга лойиқ, – дейди “MyWork” компанияси вакили Алеш Вондрачек (Чехия). – Ярмарка стендларида намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишиб, Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш борасида ҳам катта тажриба тўпланганига амин бўлдик. Юртингиз тадбиркорлари билан музокаралар ўтказиб, мамлакатингизда етиштирилаётган мева-сабзавотларни хорижий мамлакатларга етказишга кўмаклашиш борасида алоқаларни йўлга қўйиш истагидамиз.

Анжуман доирасида иштирокчилар вилоятлардаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.

54.JPG

Мухтасар айтганда, II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси мамлакатимиз тадбиркорлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ярмарканинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов сўзга чиқди.

Беҳзод Бозоров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 238






Все о погоде - Pogoda.uz