Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 15:15 Чоп этиш версияси

Паст рентабелли бино ўрнида экспортчи хорижий корхона

Президентимиз раҳнамолигида иқтисодий ислоҳотларни янада кенгайтириш, давлат мулкини хусусийлаштириш, айниқса, давлат тасарруфидаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган корхоналар, бўш турган ёки қурилиши тугалланмаган биноларни “ноль” қийматда сотиш жорий этилгани хусусийлаштириш жараёнларини янги босқичга кўтарди. Бу хориж инвестициясини кенг жалб этиш, ишбилармонларнинг ўзаро молиявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Навоий вилоятида ҳам бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфида бўлган Зарафшон шаҳридаги паст рентабелли бино ўрнида “Орианна Ярнс Текстиль” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги чет эл корхонаси ташкил этилгани акрил ипи ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда муҳим омил бўлди. 4 миллиард 500 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан фаолият бошлаган корхонада 150 иш ўрни яратилди.

– Маҳсулотимизга талаб ортиб, ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда, – дейди корхона бош ҳисобчиси Ш.Эргашев. – Корхонада меҳнат қилаётган ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир. Иш уч сменада йўлга қўйилган корхонада бир кеча-кундузда 2 тонна акрил ипи ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларимиз ташқи бозорда харидоргирлиги сабаб ўтган йили хорижга 60 минг доллардан зиёд қийматдаги маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган.

Корхона жорий йилдан Маҳаллийлаштириш дастурига киритилиб, қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланмоқда. Бу қулайликлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Хусусан, 2017-2018 йилларда бу ерда тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. 1 миллиард сўмлик технологик лойиҳа самарасида ип-калавадан кийим-кечак ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

– Коллежни битириб, ўз мутахассислигим бўйича ишлаётганимдан хурсандман, – дейди лаборант Нодира Меҳмонова. – Акрил ипини бўяшдан тортиб, йигириш жараёнларигача барчаси тўлиқ назоратга олинган. Ҳар бир босқичда маҳсулот сифати пухта текширилади. Бу ипнинг сифат стандартларига жавоб бериши, харидор талабига мос келишида энг муҳим омилдир.

Мухтасар айтганда, бўш турган давлат мулки объектларининг тадбиркорларга бепул тақдим этилиши мулкдорлар сафини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, пировардида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
8 397






Все о погоде - Pogoda.uz