Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 12:02 Чоп этиш версияси

Ҳовлидаги хазина

Каттақўрғон шаҳри аҳолиси азалдан тадбиркор, ишбилармонлиги билан танилган. Ҳунармандлик борасида ҳам авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналар кўп.

Каттақўрғонликларнинг эл оғзига тушган яна бир юмуши – чорва боқишда унча-мунча қишлоқ одамларини ортда қолдириши. Улар бу ҳақда гапирганда бироз муболаға билан “Юртимизнинг катта шаҳарларини ҳам биз гўшт билан таъминлаймиз”, деб қўйишади. Бу гапда қанчалик жон бор билмадиг-у, шаҳарда яшаса-да, ҳовлисида озгина имконияти бор киши мол ёки қўй боқишга ҳаракат қилиши аниқ.

Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо чорва боқишга имконияти йўқ кишилар-чи? Улар, ҳеч бўлмаганда, ҳовлисида парранда парваришлаб, қўшимча даромад олиши мумкин-ку!

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига ўтган йил охирида ҳоким этиб тайинланган Баҳодир Саъдуллаевни ҳам шу саволлар ўйлантирди. Ахир давлат аҳолини тадбиркорликка жалб этишни қўллаб-қувватлаб, бунинг учун кенг имконият яратиб бермоқда. Банк ходимлари хонадонма-хонадон юриб, имтиёзли кредит таклиф этаяпти, тағин бу маблағни қандай фаолият тури билан шуғулланиб кўпайтириш, оила фаровонлигини ошириш йўлларини ўргатмоқда. Бундан ортиқ яна қандай енгиллик, имконият бўлиши мумкин?!

Ҳоким маҳаллаларга бориб аҳоли билан гаплашди, аввалги тажрибасидан келиб чиқиб, Самарқанд туманида паррандачилик билан шуғулланаётган, кичик иссиқхона ташкил этиб мўмай даромад олаётган оилалар ҳақида сўзлаб берди. Лекин одамларнинг аксарияти кредит берилса, қорамол олишини, бошқалар ҳовлиси чорва боқиш, деҳқончилик қилишга торлигини айтди.

Баҳодир ака ўзи яшаб турган кичик ҳовлининг бир бурчагида ихчам товуқхона қурдирди-да, Самарқанд туманидаги паррандачилик фабрикасидан ўнта товуқ келтириб парваришлай бошлади.

– Шаҳардаги маҳалла оқсоқоллари, фаоллар, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини бу ерга таклиф этдим, – дейди Б.Саъдуллаев. – Ўзлари келиб кўришди, товуқлар ҳар куни 7-8 дона тухум беряпти. Ўн-йигирма товуқ боқиш оила учун ташвиш туғдирмайди, катта харажат ҳам талаб қилмайди, аксинча, шу хонадоннинг тухумга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиради. Агар кўпроқ бўлса, бу қўшимча даромад дегани.

Шундан сўнг одамларда товуқ боқишга ишонч, иштиёқ уйғонди. Самарқанд туманидаги паррандачилик фабрикасидан 16 минг бош товуқ келтирилиб, банк кредити асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.

Камида бир йил тухум берадиган товуқлар имтиёзли нархда, бозордагидан анча арзон харид қилинди. Ҳар бир оилага камида 20 бош товуқ ва бир қоп ем берилди. Ҳисоб-китобларга кўра, кредитни тухум ҳисобидан уч ойда тўлиқ қайтариш мумкин экан. Яна саккиз-тўққиз ойда тухум, кейин товуқнинг ўзини 1,5-2 килограмм гўшт ҳисобида сотганда ҳам бу оила учун соф фойда, ҳовлининг бир четидан келиб турган тайёр даромад-да. Парранда – етти хазинанинг бири деганлари рост.

Бу тажриба, ташаббус амалда нечоғли самара бергани билан яқиндан танишиш мақсадида товуқ парваришлаётган айрим хонадонларда бўлдик.

– Ҳовлимиз кичик бўлгани учун деҳқончилик ёки чорвачилик билан шуғулланиш имконияти йўқ, – дейди Қориравот маҳалласида яшовчи Д.Собирова. – Уйда тикувчилик ва бошқа юмушларни бажариб рўзғор тебратамиз. Маҳалладан келиб, “кредитга товуқ олиб боқинг”, дейишганида аввалига иккиландик. Сўнг барибир олишга қарор қилдик – эллик бош товуқ парваришлашга киришдик. Товуқни келтириб берган кишилар товуқхона қуриш, озиқлантиришни ўргатиб кетишди. Икки қоп ем ҳам беришди. Ҳозир ўзимиз бозордан ем сотиб оляпмиз, рўзғордан чиқадиган пўчоқ, буғдой ва маккайидан озуқа тайёрлаяпмиз. Товуқлар кунига 30-40 дона тухум бераяпти, ўзимиздан ортганини сотаяпмиз. Рўзғоримизга барака кириб қолди, болаларим хурсанд. Энди яна элликта товуқ олишни мўлжаллаб турибмиз.

Чордара маҳалласида яшовчи Юсуфжон Салимов айни пайтда кексалик пенсиясида бўлса-да, томорқа юмушларига ўзи бош-қош. Отахон уч сотихча келадиган ҳовлидаги иккита кичик иссиқхонага яқинда қирқ туп лимон кўчати ўтқазибди.

– Икки йил олдин иссиқхонадаги экинларни совуқ уриб кетгач, қишда ҳеч нарса экмай қўйгандик, – дейди Юсуфжон ота. – Яқинда банк ходимлари уйимизга келганда “тайёр иссиқхонангиз бор экан, кредит берамиз, лимон экинг”, дейишди. Уларнинг гапи туртки бўлди-ю, қарийб 7 миллион сўм кредит олиб, иссиқхонани икки қават плёнка билан ўрадим, келгуси йилдан ҳосил берадиган лимон кўчати ўтқаздим. Унгача ер бўш турмасин деб, бодринг, помидор экдим. Бундан ташқари, яқинда ҳовлида 100 бош товуқ боқишни ҳам йўлга қўйдик. Рўзғорга қўшимча даромад-да. Худога шукр, тўрт фарзандим ҳам касб-корли, уйли-жойли. Ҳовлида яшайдиганларига ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни уқтираман. Картошка, сабзи, помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотларни бозордан сотиб олмаймиз, шу кичик томорқада ўзимиз етиштирамиз. Муҳими, болалар ёшлигидан меҳнатга, рўзғор тутумига ўрганади. Рўзғори обод оилада хотиржамлик, дастурхонида тўкин-сочинлик бўлади. Давлатимиз раҳбари жон куйдириб, одамларни тадбиркорликка ундаётгани, хонадонидаги кичик имкониятлардан ҳам самарали фойдаланишга даъват этаётганининг боиси ҳам шунда, деб биламан.

Юсуфжон ота ҳақ гапни айтди. Яхши яшаш, фаровон ҳаёт кечиришни истаган киши аввало ўзи учун ҳаракат қилиши лозим. Тинчлик-осойишталикни таъминлаш, меҳнат қилиш учун муносиб шароит яратиш борасида давлат ўз вазифаларини бажаряпти. Қолгани фуқароларнинг интилиши, ҳаракати, меҳнатига боғлиқ.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 650






Все о погоде - Pogoda.uz