Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 12:08 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди Нукусда ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 370 дан зиёд корхона ва хусусий тадбиркорлик субъекти ўз маҳсулотини намойиш этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган саноат ярмаркасида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар, халқ истеъмоли моллари, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар, қурилиш материаллари, мебель, гилам ва трикотаж буюмлари, электротехника саноати маҳсулотлари кенг ассортиментда намойиш этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 1 минг 294 саноат корхонаси, жумладан, 25 йирик корхона, 1 минг 269 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Учта корхонада импорт ўрнини босадиган маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ярмаркада Нукус шаҳридаги “Кардар” кўптармоқли ишлаб чиқариш корхонасининг металлдан ясалган турли эшик, тўсиқ ва панжаралари, истироҳат боғларига мўлжалланган ўриндиқлар, “Solar impulse” масъулияти чекланган жамияти тақдим этаётган қуёш энергияси ускуналари, “Gedeon Karauzyak” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқараётган турли аттракцион қурилмалар, Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Хонқа-чевар” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик маҳсулотлари, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Олтин тола замини” хусусий корхонасининг идора, ўқув ва уй-рўзғор мебеллари, Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд гиламлари” қўшма корхонасининг юқори сифатли маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Ўтган йили ярмаркада 1,8 миллиард сўмлик маҳсулот сотган эдик, – дейди Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги “Элинза” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Й.Эрназаров. – Корхонамизда 189 хил тиббиёт мебель жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Саноат ярмаркасига улардан 45 хилини олиб келдик. Маҳсулотимизнинг аксарият қисми Россияга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили ички бозорда 2 миллиард сўмлик маҳсулот сотган бўлсак, 873 минг доллар миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилдик. Жорий йилнинг ўтган даврида 187 минг долларлик маҳсулот хорижга жўнатилди.

Ярмаркада ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан кўплаб шартномалар имзолади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
1 176






Все о погоде - Pogoda.uz