ЎзА Ўзбек

14.09.2018 09:40 Чоп этиш версияси

Оила тадбиркор бўлса, рўзғорда барака энади

Оила тадбиркор бўлса, рўзғорда барака энади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан Ургут туманида “Оилавий тадбиркорлик – миллий анъана ва қадриятларимиз асоси” мавзусида форум ўтказилди.

Партия марказий кенгаши ва туман ҳокимлиги вакиллари Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори аҳолининг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашда янги даврни бошлаганлигини таъкидлади. Мазкур дастур асосида бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳам амалий ишлар бошланиб, тижорат банклари томонидан аҳолига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилмоқда. 

– Эндиги асосий масала – дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга кредит ажратишда ортиқча расмиятчиликларга йўл қўймаслик, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришишда, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши девони бўлим бошлиғи Дониёр Тошбоев. – Дастур ижросини таъминлашга партиямиз ҳам ўзини масъул деб билиб, бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам беришга тайёрмиз.

Тумандаги тижорат банклари мутахассислари “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича оилаларга кредит ажратиш тартиби ҳақида форум қатнашчиларига тушунча берди. Аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. 

Бугунги кунда Ургутда 4800 дан ортиқ хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг туман ялпи маҳсулотидаги улуши 65 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Тадбир доирасида Ургут истироҳат боғида тадбиркор ва ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар бир қатор тадбиркор оилалар фаолияти билан танишиб, уларнинг тажрибасини ўрганди.

– Темирчиликни отамдан ўрганганман, – дейди Боғишамол маҳалласида яшовчи Ҳаким Тоипов. – Шу ҳунар туфайли рўзғоримиз бут, оиламиз тинч. Яқинда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, бир неча хил уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқара бошладик. Оиламиздаги беш киши, шунингдек, яна беш нафар қўни-қўшнилар билан бирга ишлаяпмиз. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит олиб фаолиятимизни кенгайтириш ниятидаман. 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
3 158