Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 15:25 Чоп этиш версияси

Оҳангарон туманида тадбиркор бўлиш истагидаги ёшлар учун семинар ўтказилди

Оҳангарон туманидаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун тижорат банклари ва бошқа тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, қишлоқларда оилавий бизнесни ривожлантириш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими томонидан ташкил этилган семинарда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раиси М.Қодирхонова. – Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жойларда кенг аҳоли қатлами, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенг тарғиб қилиш, бу борада зарур тавсиялар бериш мақсадида амалий семинарлар ўтказилмоқда. Тадбирлар доирасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар ва оилаларнинг бизнес режаси ўрганилиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Семинарда “Банк хизматлари ҳақида нималарни биласиз?”, “Бизнес режа ва кредит ажратиш тартиби”, “Кредит турлари ва гаров таъминоти”, “Солиқ ставкалари, солиқ ҳисоботлари, имтиёз ва преференциялар”, “Коллеж битирувчиси учун тўрт томонлама шартноманинг аҳамияти” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Мутахассислардан тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, берилган имтиёз ва қулайликлар тўғрисидаги саволларимга атрофлича жавоб олдим, – дейди Оҳангарон саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ш.Сафаров. – Ўқишни тамомлаганимдан кейин аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш ниятидаман. Бу бизнес режамга кўра, дастлаб якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритаман. Кейинчалик электротехника жиҳозларини таъмирлаш хизмати турини кенгайтириб, уларнинг савдосини ҳам йўлга қўймоқчиман.

Семинарда фаол иштирок этган ўқувчиларга эсдалик совғалари ҳамда “Бизнесни ташкил этиш ва юритиш” амалий қўлланмаси берилди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
747






Все о погоде - Pogoda.uz