Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 18:23 Чоп этиш версияси

"Ноль" қийматда берилган иншоотлардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар кўп

Мамлакатимизда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган иншоотлардан самарали фойдаланиш, улар негизида ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали кичик бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Фаолият юритмаётган объектлар базасида ва кичик саноат зонасида лойиҳаларни амалга оширишнинг мавжуд имкониятлари ва механизмлари” мавзусида ўтказилган семинарда бу алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида бўш турган бино ва иншоотларни тадбиркорларга бериш орқали ундан самарали фойдаланиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Мазкур ҳужжат асосида қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш бўйича аввал хусусийлаштирилган 2 минг 206 корхона ва объект хатловдан ўтказилган. Инвестиция лойиҳалари доирасида 2017-2018 йилларда уларга 193,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб этиш орқали 1 минг 902 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Давлат томонидан имтиёзли шартлар асосида "ноль" қийматда берилган иншоотлардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар кўп.

– “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида бўш турган бино “ноль” қийматда берилиши бизга катта кўмак бўлди, – дейди тадбиркор У.Икромов. – Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бу ишни тез ва осон ҳал этиб берди. Иншоотни қайта таъмирлаб, бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдамиз.

Семинарда хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ҳудудда эришилган натижалар танқидий таҳлил қилинди. Қурилиши тугалланмаган объектлар, фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш майдонларини тегишли тартибда хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлашни тезлаштириш бўйича идоралараро комиссияга тегишли тавсиялар берилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 735






Все о погоде - Pogoda.uz