Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 19:29 Чоп этиш версияси

Ноқонуний металл савдосига чек қўйилди

Амалдаги тартибларга мувофиқ қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади. Шунга қарамай, таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тўплаб, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиш ҳоллари учраб турибди.

Жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида мамлакатимиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 42 қонунбузарлик ҳолатида қиймати 52,5 миллион сўмлик 35 тоннадан ортиқ қора ва рангли металл парчаларининг ноқонуний айланмаси ва олиб ўтилишига чек қўйилди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Уйчи туманининг қўшни давлатга туташ чегараолди ҳудудида ҳаракатланаётган, ушбу туманда истиқомат қилувчи Б.Ҳамроев (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошқарувидаги ВАЗ-21011 русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда автомашинанинг ички салони ва юкхонасига мамлакатимиздан яширин тарзда олиб чиқиш мақсадида салкам 0,5 тонна латун рангли металл парчалари ортилгани аниқланди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Қарши шаҳрида ҳаракатланаётган “Форд” автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилганда унда фуқаролар Н.Иномов ва Х.Хайриевга тегишли 2 тонна 300 килограмм оғирликдаги мис ва латун рангли металл чиқиндилари ноқонуний равишда олиб кетилаётган экан.

Навбатдаги “Форд” автомашинасида ҳам худди шундай ҳолат учради. Ушбу автотранспорт воситасига 1 тонна 800 килограммдан ортиқ мис ва латун рангли металл парчалари ортилган экан. Суриштирув натижасида қиймати 5 миллион сўмдан ортиқ мазкур товар-моддий бойликлар фуқаро С.Маҳмудовга тегишли бўлиб чиқди.

Фарғона вилоятида ҳам рангли металл парчаларини яширин йўллар билан олиб чиқиш ҳолатлари фош қилинмоқда.

“Фарғона” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган фуқаро Ж.Қосимов ўз бошқарувидаги “КамАЗ” юк автомашинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилишидан аввал божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча юклари йўқлигини маълум қилади.

Аммо божхона кўриги давомида ушбу автотранспорт воситаси юкхонасида кигиз ва ёғоч билан тўсилган яширин бўлма ташкил қилинганлиги ва унга 1 тонна 400 килограмм оғирликдаги 176 дона муқаддам фойдаланилган аккумулятор ортилганлиги аниқланди. Худди шу усулни қўллаган фуқаро К.Назиров салкам 1,9 тонна оғирликдаги 172 дона, Ш.Қобилов салкам 160 килограмм оғирликдаги 24 дона аккумуляторни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам кейинчалик қайта сотиш ва мамлакатимиздан олиб чиқиш мақсадида ноқонуний равишда сақланаётган рангли металл чиқиндиларнинг "омбор"ини фош қилди. Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Ф.Қаюмовнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда 1 тонна 700 килограммдан ортиқ рангли металл парчалари ноқонуний равишда сақлаб келинаётганлиги аниқланди. Вилоят божхоначилари фуқаро Б.Акмалов томонидан “Исузу” русумли юк автомашинасида ноқонуний равишда олиб кетилаётган 4 тонна 100 килограммга яқин рангли металл парчаларини ўз вақтида тўхтатиб қолди.

Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 650






Все о погоде - Pogoda.uz