Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.10.2017 15:30 Чоп этиш версияси

"Нефть Агро Комплекс” МЧЖ фаолияти янги йўналиш ҳисобига кенгайди

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги кўп тармоқли "Нефть Агро Комплекс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти янги йўналиш ҳисобига кенгайди. Бу ерда гўштни қайта ишлаш цехи ишга тушди.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард сўмдан зиёд. Европадан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу кичик корхона йилига 50 тоннадан ортиқ колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

– Ҳозирча дудланган ва ярим дудланган колбаса тайёрланмоқда, – дейди цех бошлиғи Самандар Болтаев. – Кейинчалик маҳсулот турини 8 тага етказамиз. Ишлаб чиқариш барқарорлиги кўп жиҳатдан хомашё таъминотига боғлиқ. Бу борада ишончли шерикларимиз бор. Масъулияти чекланган жамиятимизнинг чорвачилик мажмуаси ва паррандачилик фермаси гўшт етказиб беради.

Айни пайтда цехда 4 ишчи меҳнат қилмоқда. Лойиҳа қувватини тўла ўзлаштириш асносида уларнинг сони икки баробар ошади.

Ҳозир цех маҳсулотлари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига хизмат кўрсатувчи озиқ-овқат дўконларига чиқарилаётган бўлса, кейинчалик Қоровулбозор шаҳри савдо шохобчаларига ҳам етказиб берилади.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида гўшт, жумладан, парранда гўштини қайта ишлайдиган 8 корхона фаолият кўрсатмоқда.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 210






Все о погоде - Pogoda.uz