Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 13:12 Чоп этиш версияси

Найманлик томорқачи миллионерлар

Фарғонага келсангиз, Бувайда туманининг Найман қишлоғига албатта боринг. Нега дейсизми? Кафтдек ердан катта даромад кўраётган оилалар кўплигига ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Қишлоқ сўнгги йилларда бутунлай янгича қиёфа касб этди. Илгари найманликлар фақат зиравор экиб, рўзғор тебратган бўлса, бугун деҳқончиликда нафақат туман, балки бутун вилоятда ҳам машҳур. Қишлоқдаги 920 хонадон кундан-кун фаровонлашиб, замонавий кўринишдаги уйлар қад ростламоқда, тўйлар тўйларга уланаётир.

Қишлоқ аҳли томорқачиликда ўзига хос мактаб яратган. Ҳар бир хонадон кичкина томорқасидан йилига ўртача 20-50 миллион сўм атрофида даромад олмоқда. Баҳорги экин-тикин ишлари бошлангунига қадар найманликлар қалампир, помидор, бақлажон каби экинларни етказиб бериш бўйича 10 миллион донадан ортиқ кўчатга буюртма олишди.

– Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, қишлоқ инфратузилмасини, томорқа хўжалигини янада ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор туфайли халқимизнинг турмуш даражаси тубдан яхшиланмоқда, – дейди “Найман” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Қўчқоров. – Томорқадаги 5-6 сотихли иссиқхонадан келган даромад ҳисобига орзу-ҳавасларини рўёбга чиқараётган қишлоқ аҳлининг ҳаётга муносабати ўзгарди, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди. Бугун қишлоғимизда ўз автомашинасига эга бўлмаган оила йўқ. Шаҳардагидан қолишмайдиган, кўркам, замонавий уйларда яшамоқда.

Акромжон ота Ёқубов 73 ёшда бўлса-да, ғайрати бир йигитча бор. Турмуш ўртоғи, фарзандлари ва набираларини ёнига олиб, томорқада ишлайди. Деҳқончилик сирларини ўргатади.

– Томорқамиздаги 10 сотихли иссиқхонадан йилига уч марта ҳосил оламиз, оиламизнинг йиллик даромади 45-50 миллион сўм, – дейди Акромжон ота. – Чол-кампир муборак ҳаж сафарига бориб келдик, икки ўғлим набираларим билан янги қурилган уйларда яшайди. Оиламиз ихтиёрида 3 “Neksia”, 1 “Damas” автомашинаси бор. 10 бошга яқин қорамол, 50 га яқин наслли товуқ оиламизнинг сут-қатиқ, тухумга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайди, ортганини бозорга чиқарамиз.

Кенг жойда яшаётган одамнинг феъли ҳам кенг бўлади. Келинчак тандирдан янги узилган бир сават иссиқ нонни меҳмонларга илинади. Самимий мулозаматларда асло сохталик йўқ. Ер билан тиллашиб, диллашиб ризқини топадиган хонадон аъзолари замонавий бахтли оила тимсоли бўлиб туюлади бизга.

Маҳалланинг Заковат кўчасида истиқомат қилувчи Абдусамат Эгамназаров томорқасида 5 сотих иссиқхона мавжуд. Ҳозирги кунда бу ерда етиштирилган булғор қалампири, помидор кўчатлари харидорларга мунтазир. Хонадон соҳибининг айтишича, оила баҳорги деҳқончиликдан 22-25 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда.

Маҳаллада тадбиркорлар, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари йилдан-йилга ортиб бормоқда, жиноятчиликка деярли барҳам берилган. Муҳташам уйлар, обод кўчалар, замонавий иншоотлар найманликларнинг турмуш тарзи нечоғли юксалиб бораётганидан далолат беради.

Кўриниб турибдики, ишнинг кўзини билган, 4-5 сотих томорқасидан катта даромад олаётган хонадонларнинг яшаш тарзи ҳам, ҳаётга муносабати ҳам бошқача. Турмуши фаровон. Буларнинг барчаси мамлакатимизда халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш шароитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самарасидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 389






Все о погоде - Pogoda.uz