ЎзА Ўзбек

02.03.2018 19:41 Чоп этиш версияси

“Навоий” ЭИЗда композит плиталар ва архитектура қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича инновацион корхона ишга туширилади

Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналарни вужудга келтириш, ушбу ҳудудларга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш имконини берадиган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда замонавий, юқори технологик, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмокда. 

Бунда Президентимизнинг 2017 йил 25 октябрдаги "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Ушбу лойиҳалардан бири мармар, гранит ва композит тош маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “GAZGAN MARBLE GROUP” хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонанинг инновацион лойиҳасидир. 

Лойиҳа "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг хорижий ҳамкор банклари маблағларини жалб қилган ҳолда 23 миллион доллар кредит маблағлари кўмагида амалга оширилиши натижасида Навоий вилоятида экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
photo5244525110369560808.jpg
Лойиҳанинг афзаллик томонлари шундаки, дунёда ушбу соҳада етакчи ҳисобланган Италиянинг “Breton S.P.A” компанияси инновацион технологияси асосида тош чиқиндиларидан экологияга зарар етказмайдиган композит тош ва архитектура қурилмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ушбу молиявий ҳамкорлиги эвазига Навоий вилоятининг 300 нафар ёш йигит-қизи учун янги иш ўринлари яратилиши билан бирга йилига 300 минг квадрат метр ички ва ташқи бозорда юқори талабга эга замонавий безакловчи қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган инновацион комплекс яратилади.

Банк ахборот хизмати

11 368