ЎзА Ўзбек

24.05.2018 20:20 Чоп этиш версияси

Наманганда "Hyundai" юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарилади

Наманганда "Hyundai" юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарилади Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудда йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлигини, яқин келажакда бу ерда ҳам автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилишини таъкидлади.

Ушбу хушхабар бунчалик тез рўёбга чиқишини кўпчилик кутмаган эди. Ташрифдан роппа-роса йигирма кун ўтиб, мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш йўлида дастлабки қадам ташланди – Корея Республикасининг "Evergreen Motors Group" компанияси президенти Ким Чанг Кён лойиҳа бўйича амалий музокаралар ўтказиш учун вилоятга келди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Ким Чанг Кён билан учрашувида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий-ижтимоий, илмий-техник ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

5.jpg

19.jpg

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Корея Республикасига ташрифи дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларида янги саҳифа очди, – деди Ким Чанг Кён. – Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда давлатингиз раҳбари Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Корея компаниялари вакиллари билан суҳбатлашиб, ўртага ташланган айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича ўша ернинг ўзида масъул кишиларга топшириқ берди. Бу Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган ишбилармонларга янада катта ишонч бағишлади. Мамлакатингизда инвестиция киритиш, маҳсулот экспорт қилиш, туризм йўналишларида имкониятлар кенг. "Hyundai" автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича мазкур лойиҳа ана шу уч йўналишдаги истиқболли ҳамкорлигимиз самараларидан бўлиб қолади. 

Тегишли соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган тақдимот маросимида вилоятда “Hyundai" юк автомобиллари ва автобусларни йиғиш заводи” қуриш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.

Лойиҳага кўра, корхонада юк кўтариш сиғими 1 тоннадан 50 тоннагача бўлган юк автомобиллари ва ўлчами 9-12 метрли шаҳар ичида қатновчи, шаҳарлараро ҳамда сайёҳлик русумидаги автобуслар ва махсус транспорт воситалари йиғиш ишлари бажарилади.

21.jpg

16-faqat saytga.jpg

Дастлаб, кунига 8-20 ва йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади, яъни мингта автобус ва 2 мингта юк машинаси ишлаб чиқарилади. Аввалига эҳтиёт қисмлар Корея Республикасидан келтирилса, маҳаллийлаштириш дастури асосида уч йил мобайнида эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 га яқин иш ўрни яратилса, келажакда бу кўлам 6 мингтага етказилиши режалаштирилмоқда.

Делегация аъзолари автомобиль заводи қурилиши учун тавсия қилинаётган майдонлар ва у ердаги шароитлар билан танишди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
9 784