Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:54 Чоп этиш версияси

Муваффақиятга эришиш сирлари

Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган мамлакатимизнинг етакчи тадбиркорлари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар учрашуви шундай номланди. Очиқ семинар тарзида ташкил этилган ушбу тадбирда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, уюшмаган ёшлар ҳамда ёш тадбиркорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда ёш тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг аҳамиятга молик масалаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишларни янги босқичга кўтарди.

Учрашувда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга асосан ҳар икки томон ёш тадбиркорларни излаб топиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга кенг имкониятлар яратиш, ёш тадбиркорларни ҳудудлардаги эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарига йўналтириш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар билан семинар-тренинг ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширади. Шунингдек, ёш тадбиркорлар уюшмасини ташкил этиш белгиланди.

Тадбирда мамлакатимизнинг муваффақиятга эришган етакчи тадбиркорлари – Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмат Абдураҳмонов ва «Murad Buildings» корхонаси асосчиси Мурод Назаров томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Ёшлар мазкур тажрибали тадбиркорларнинг «Техноплаза» бизнес мажмуаси ҳамда «Green city» турар жой мажмуасига ташриф буюриб, ишбилармонларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизнинг тажрибали тадбиркорлари ёшларга муваффақиятга эришишнинг омиллари ҳақида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда сўзлаб берди. Мутахассислар тадбиркорлик фаолиятига оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялар берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 912






Все о погоде - Pogoda.uz