“Муборак ТЕКС” фабрикасида йилига 8 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади
Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги “Муборак ТЕКС” фабрикасида ишлаб чиқарилаётган турли ўлчамдаги пайпоқлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги “Муборак ТЕКС” фабрикасида ишлаб чиқарилаётган турли ўлчамдаги пайпоқлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли фабрика замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Йилига 8 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга қувватига эга фабрикада маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ шу ернинг ўзида амалга оширилади.
– Қурилиш-монтаж ишларига 12 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланиб, хориждан келтирилган сўнгги русумдаги замонавий ускуналар ўрнатилди, – дейди “Муборак ТЕКС” фабрикаси директори Меҳмон Нурмуродов. – Автоматлаштирилган цехларда иш босқичма-босқич йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фабрикамиздаги тикув ва бўяш цехлари бошқа корхоналар учун ҳам буюртмага қараб тикиш ва бўяш билан боғлиқ хизматларни амалга ошириш имкониятига эга. Бу корхона учун қўшимча даромад келтиради. Фабрикамизда йиллик қувватдан келиб чиққан ҳолда 3 миллион жуфт аёллар ва эркаклар, 3 миллион жуфт болалар пайпоқлари ва 2 миллион жуфт болалар калготкалари ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Энг муҳими, фабрика ишга туширилиши билан 198 янги иш ўрни яратилди.
Фабрикада жаҳон стандартларига тўла мос келадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган пайпоқларнинг 80 фоизи пахта толасидан, эластикликни ошириш учун қолган қисмига синтетик тола ишлатилмоқда. Маҳсулотни экспортга чиқариш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Газлама ва эркаклар ички кийимлари ишлаб чиқариш йўналишини ташкил этиш бўйича ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
– Муборак саноат касб-ҳунар коллежини битириб, тўрт томонлама шартнома асосида шу ерга ишга қабул қилиндим, – дейди тўқув цехи ишчиси Мадина Абдуллаева. – Фабрикамизда ишчилар учун ҳамма шароит яратилган.
Замонавий технологиялар асосида барпо этилаётган бу каби ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимизнинг енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш билан бирга аҳолини иш билан таъминлаш, тайёр маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта тушумини оширишга хизмат қилади.