Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 18:19 Чоп этиш версияси

"Мобиль кассирлар" хизмати жорий қилинади

Миллий матбуот марказида "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ва банкнинг келгусидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Ўзсаноатқурилишбанк" бошқаруви раиси ўринбосари О.Алимардонов ва бошқалар банк тизимида жисмоний ҳамда юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганини таъкидлади.

Банкда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мижозларга кўрсатилаётган замонавий хизматлар тури кўпаймоқда. «Интернет банкинг», «Шахсий кабинет», «UzPSB-mobile» каби хизматлар шулар сирасидандир. Айни вақтда бу хизматлардан фойдаланаётган 33 мингдан кўпроқ мижоз вақтини тежаш ва маблағларини тезкор тасарруф этишга эришмоқда. Бу эса банк учун ҳам фойдали бўлиб, мижозлар сафини кенгайтириш, иқтисодий самарадорликни ошириш ва меҳнат ресурсларини тежаш имконини бермоқда.

– "Интернет банкинг" хизмати юридик мижозларга масофадан туриб онлайн тарзда ўзларига бириктирилган электрон рақамли имзо калити билан банкдаги хисобрақамларини назорат қилиш, тўловлар ўтказиш ва керакли ҳисоботлар олиш имконини беради, – дейди банк бошқарма бошлиғи Аброр Кенжаев. – Масофавий хизматлар вақтни тежайди, тўловларни банк иш режимидан қатъий назар, хоҳлаган вақтда амалга ошира олади. Шунингдек, бу орқали кредитларни қайтариш, пластик картадаги қолдиқ ҳақида ахборотларни олиш, ташкилот ходимларига ойлик иш ҳақини пластик карталарига тушириб бериш ва бошқа қулайликлардан фойдаланиш мумкин.

«UzPSB-mobile» дастури ҳам ўзига хос бўлиб, ҳозир олтмишдан ортиқ корхона ундан фойдаланмоқда. У билан кредит қарздорликларини тўлаш ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга тўловларни реал вақт (онлайн) режимида мижознинг пластик картаси орқали нақд пулсиз амалга ошириш мумкин.

Тадбирда замонавий инновацион банк хизматлари, аввало, инсон манфаатларига қаратилгани, келгусида масофавий банк хизматларининг янги турларини, хусусан, "Мобиль кассирлар" хизматини жорий қилиш, операциялар кўламини кенгайтириш борасидаги тизимли ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 158






Все о погоде - Pogoda.uz