Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.10.2017 09:14 Чоп этиш версияси

784 миллиард сўмдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилди

784 миллиард сўмдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилди Фарғона вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

784 миллиард сўмдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилди

Вилоятда 19 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 784 миллиард сўмдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилди. 113,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши саноат соҳасида 45,7 фоизни, қишлоқ хўжалигида 97,5, қурилишда 92,8, чакана савдода 83,1 фоизни ташкил этди.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда қишлоқ ҳудудларида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда.

Тошлоқ туманидаги “Mar Tash spesodejda” масъулияти чекланган жамияти замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Корхонада махсус ишчи кийимлари ишлаб чиқарилади. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда 1 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот буюртмачиларга етказиб берилди. Айни кунда жамиятда 80 киши меҳнат қилмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва маҳсулотни экспортга чиқариш ниятидамиз, – дейди жамият раҳбари Аҳмаджон Қўзибоев. – Шу мақсадда янги лойиҳа – бўёқ тармоғини ишга туширишни режалаштирганмиз. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан иш ўринлари сони икки баробар кўпаяди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 145






Все о погоде - Pogoda.uz