ЎзА Ўзбек

05.07.2019 17:52 Чоп этиш версияси

Мева-сабзавотлар 61 давлатга экспорт қилинди

Мева-сабзавотлар 61 давлатга экспорт қилинди

Жорий йилнинг ўтган даврида ошқовоқ, қулупнай, қалампир, пиёз, кўк пиёз, картошка, қизил лавлаги, шолғом, мевалардан – шафтоли, лимон, анор, узум, қуритилган маҳсулотлардан – бодом, писта, майиз ва бошқалар ўтган йилга нисбатан кўп экспорт қилинди.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарорига мувофиқ экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди. Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Экспорт қилувчи якка тартибдаги тадбиркорларга мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўлов, аккредитив очиш ёки харидор банкларнинг кафолати мавжудлиги каби шартлардан бири бўлгандагина экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқолишлари мавжуд бўлганда, йўқолиш суммаси дебитор қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди, балки экспорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олинади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари хамда бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорти тўғрисида вазирлик, идоралар ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш йўлга қўйилган. Мисол учун, Бухоро вилояти вакиллари мурожаатларига асосан тариқ маҳсулотини экспортга чиқаришга эришилди.

– Юртимизда мева-сабзавот етиштириш тизимини такомиллаштириш, жумладан, мева-сабзавот экиладиган майдонларнинг ҳосилдорлигини ошириш, сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини сезиларли кўпайтириш ҳамда халқаро молиявий институтларнинг маблағларини фаол жалб этишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Фахриддин Кушаров. – Жумладан, Жанубий Кореянинг “КІСС“ компанияси билан ҳамкорликда Қувасой шаҳрида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш илмий-амалий марказини яратиш бўйича 11 миллион доллар атрофидаги грант маблағини жалб этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг январь-май ойларида 61 давлатга мева-сабзавотлар экспорт қилинган.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
2 201