Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 19:36 Чоп этиш версияси

Андижонда “Ташаббус – 2017” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди

Андижонда “Ташаббус – 2017” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди Андижонда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида 138 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракати ва миллий ҳунармандликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳа субъектлари учун давлат томонидан кенг имтиёз ва преференциялар берилаётгани иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови фаол ва ташаббускор тадбиркору ишбилармонларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, меҳнатларини муносиб рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Андижон вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида ҳам тадбиркорлик субъектларининг улуши ортмоқда. 2016 йилда бу кўрсаткич 84,1 фоизни ташкил этди. Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган 24 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва тури йил сайин кенгайиб, сифати ошмоқда. Бу танлов доирасида ташкил этилган кўргазмаларда ҳам яққол намоён бўлди.

– Корхонамизда 7 турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Улуғнор туманидаги “Сарвар сут” хусусий корхонаси раҳбари Хайрулло Мадраҳимов. – Мақсадимиз юртимизда тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, ишлаб чиқариш хажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишдир.

Олтинкўл туманидаги “Konteks-Тashkent” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшодбек Раҳимов "Энг яхши тадбиркор", шу тумандаги "Бахт имкон ривожи" фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов "Энг яхши фермер", Андижон шаҳридан ҳунарманд-кулол Мирзабаҳром Абдуваҳобов “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Аёллар, эркаклар ва болаларга мўлжалланган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонамизда 100 фоиз маҳсулот хорижга экспорт қилинади, – дейди Олтинкўл туманидаги “Konteks-Тashkent” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшодбек Раҳимов. – 2016 йилда Италия, Франция, Россия, Беларусь ва Литва давлатларига 12,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 5,2 миллион доллардан ошди. Корхонамизда меҳнат қилаётган 230 ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.

Танловда “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши фермер аёл”, “Энг яхши экспортчи”, “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзA
3 726






Все о погоде - Pogoda.uz