Мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий соҳа тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий соҳа тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Нукус шаҳар "Коммунал иссиқлик маркази" давлат унитар корхонаси жамоаси ҳам мавсумни пухта тараддуд билан бошлади.
– Корхонамиз тасарруфидаги 26 кўп қаватли уй ҳамда 25 корхона ва ташкилотга иссиқлик етказиб берувчи тармоқларнинг барчаси назоратдан ўтказилиб, камчилик ва нуқсонлар бартараф этилди, – дейди корхона раҳбари вазифасини бажарувчи Нурғалий Бўксебоев. – Қишнинг совуқ кунларида содир бўладиган авария ҳолатларининг олдини олиш, иссиқлик энергиясининг исроф бўлишига йўл қўймаслик учун аниқ режа ишлаб чиқилди. Қозонхоналарда ишловчи операторларга техника ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқувлар ташкил қилинди. Корхонанинг моддий-техник базаси 2 махсус “ISUZU” автомашинаси, 1 "УАЗ" машинаси ҳамда кўчма электр пайвандлаш ускунаси билан янада мустаҳкамланди.
"Коммунал иссиқлик маркази" давлат унитар корхонаси томонидан қозонлар, қозонхоналар ва иссиқлик етказиб берувчи қувурлар мавсумга шай ҳолга келтирилди. 4 қозонхонада таъмирлаш ишлари олиб борилиб, катталари ўрнига энергия тежовчи ихчам двигателлар, газни кам сарфлайдиган қозонлар, сувни тозаловчи магнитли ускуналар ўрнатилди. Натижада иссиқлик энергиясининг таннархи пасайишига эришилди. Бу эса мижозларга манзур бўлмоқда.