Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 19:54 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда замонавий ёритгичлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда

Техник тараққиёт ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эҳтиёжи кам энергия сарфлайдиган, ишончли ва мустаҳкам конструкцияга эга ёритиш мосламаларининг яратилишига сабаб бўлди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган светодиод лампалар ва ёритгичлар ана шу мезонларга тўлиқ жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида"ги, "Электр энергетикаси тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ мамлакатимизда саноат ва коммунал хўжалик соҳаларига энергия ва ресурс тежайдиган замонавий технологиялар кенг жорий этилмоқда. Айни пайтда светодиод лампалар ишлаб чиқариш ва уларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон – Жанубий Корея “EGL-NUR” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда биринчилар қаторида светодиод лампалар ва ёритигичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Ушбу корхона "Ўзбекэнерго" АЖ ва Жанубий Кореянинг “EG Lightings” компанияси ҳамкорлигида 2013 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, "Ангрен" эркин иқтисодий зонасида жойлашган. Ҳозир бу ерда ушбу маҳсулотнинг бир неча тури ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ойига 200 минг дона светодиод лампа ва 1000 дона ёритгич ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхона маҳсулотларидан Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарлари кўчаларида кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, "Ўзбекэнерго" АЖнинг барча корхоналари ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг светодиод лампалари ва ёритгичларидан кенг фойдаланмоқда.

Корхонанинг илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларига юқори сифати, энергия тежамкорлиги, ҳар қандай иқлим шароитига чидамлилиги, халқаро стандартларга мослиги, экологик жиҳатдан хавфсизлиги ва рақобатбардошлиги туфайли истеъмолчилар ўртасида талаб катта.

Ушбу қўшма корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотдан фойдаланиш муддати 30 минг соатдан ортиқ бўлиб, оддий чўғланма лампага нисбатан 30 баробар юқори, айни пайтда 9-10 баробар кам энергия сарфлайди. Улар инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз, зеро ультрабинафша ва инфрақизил нур таратмайди, таркибида оғир металл ва заҳарли моддалар йўқ.

Светодиод лампаларнинг бошқа ёритгичлардан муҳим устуворлиги уларнинг технологик экани билан изоҳланади. Уларни масофадан туриб пульт билан бошқариш мумкин, автоном тартибда ишлаш учун аккумулятор ёки Wi-Fi орқали "ақлли" уй ва кўча ёритгичларида ишлатиладиган бошқарув интерфейсини ўрнатиш мумкин.

“EGL-NUR” МЧЖда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг юқори сифати барча ишлаб чиқариш жараёнларида амал қилувчи қатъий сифат назорати орқали таъминланмоқда. Ёритгичлар текшириладиган корхона лабораториясида энг замонавий ўлчов ускунаси ўрнатилган.

Корхона фаолиятининг муҳим йўналишини светодиод лампалар ва ёритигичлар учун мўлжалланган бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилиши ташкил этади. Ҳозирги пайтда бу ерда аввал хориждан келтирилган диффузор, корпус, метиз, қопқоқ ва бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги ускуналарни ўрнатиш ва монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.

– Биз илгари фақат энергия тежамкор люминесцент лампалар сотган бўлсак, энди маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бераётган светодиод лампалар ҳисобидан маҳсулот турини кенгайтирдик, – дейди шаҳримиздаги маиший техника дўконларидан бирининг сотувчиси Алишер Аҳмедов. – Светодиод лампалар билан бирга, кўча ёритгичлари ҳам сотамиз, чунки уларга ҳам талаб катта.

– Икки йил аввал қизимнинг маслаҳати билан светодиод лампалар харид қилган эдим, улар ҳамон ишлаб турибди, – дейди Лола Раҳимова. – Бу вақт давомида уйимизда энергия сарфи бир ярим баробар камайди.

Светодиод лампалар ва ёритгичлар ишлаб чиқаришнинг кенгайиши табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 212






Все о погоде - Pogoda.uz