Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 19:18 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда ҳозирги вақтда лизинг хизматлари кўрсатувчи 126 та ташкилот фаолият юритмоқда

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида Прогнозлаштириш ва мақроиқтисодиёт тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари мутахассислари томонидан Жанубий Корея Республикаси жамғарма биржаси, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро молия корпорацияси иштирокида лизинг бозорини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси молия бозорини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилди.

Молия бозорининг лизинг тармоғи мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори ўсиш кўрсаткичларига эришиш ҳамда рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Лизинг хизматлари бозорини янада кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжуд, бу эса рақобат кучайиши, тақдим этилаётган хизматлар сифатининг келажакда янада ўсиши ҳамда хизмат кўрсатишда янги йўналишлар очилишига замин яратади.

Иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар Ўзбекистонда лизинг хизматларини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Ушбу ислоҳотлар туфайли бугун давлатимиз барқарор тараққий этмоқда ва сўнгги йилларда, айниқса, ҳуқуқ соҳасида катта ўзгаришлар рўй берди.

Маҳаллий лизинг бозорининг асосий ислоҳотчиси давлат ҳисобланади ва лизинг бозорининг самарали ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бунда лизинг асосий жамғармаларни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш ҳамда захираларни оқилона тақсимлашнинг энг самарали усулларидан бири эканини англаб етиш зарур.

Юртимизда яратилган қулай шароитлар валюта бозорини эркинлаштириш жараёни билан бир қаторда лизингнинг янада ривожланиши учун замин яратади. Мазкур босқичда Ўзбекистон лизинг берувчиларига лизинг фаолиятини юритишлари учун ташқи молиялаштиришни тақдим этиш самарали ҳисобланади.

Ўзбекистондаги лизинг амалиётлари йўловчи самолётларини лизингга олишдан бошланган. 1993 йилдан буён «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси йўловчи лайнерлар паркини жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг самолётлари билан янгилаб келмоқда.

2002 йилнинг 1 сентябрига қадар банклар молия лизинги амалиётини деярли нолга тенг рентабеллик билан амалга оширган, лизинг компаниялари эса якка тартибдаги ва солиқ имтиёзлари ёки устав сармоясига маблағ киритиш ёки имтиёзли заём шаклидаги давлат кўмагига эга бўларди. Бу лизинг амалиётларига татбиқ қилинмайдиган қисқа ва узоқ муддатли кредитлаш учун тақдим этиладиган имтиёзли солиқлар билан боғлиқ эди.

2002 йилда лизинг тўғрисидаги қонунчиликка, хусусан, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Лизинг тўғрисида"ги ва "Бож тарифи тўғрисида"ги қонунларига киритилган ўзгартиришлар вазиятни тубдан ўзгартирди. Лизинг қонунчилигига киритилган комплекс тузатишлар Ўзбекистонда лизингнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этди ва мазкур сектор ривожланиши учун прогрессив ҳуқуқий асос яратди.

Бугун Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот тузилмасидаги лизинг амалиётлари ҳажми йилдан-йилга ошаётгани кузатилмоқда. Бундан ташқари, лизинг бозорида иштирокчилар – лизинг амалиёти билан шуғулланувчи банклар ва лизинг компаниялари сони мунтазам ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳозирги вақтда лизинг хизматлари кўрсатувчи 126 та ташкилот, жумладан, 24 тижорат банки фаолият юритмоқда. Ўтган йил лизингнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 0,5 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, лизинг амалиётларининг умумий портфели 2 триллион 529 миллиард сўмни ташкил қилди. Лизинг берувчилар умумий қиймати 710 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 4 минг 674 та лизинг шартномаси тузди, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 65,1 фоизга кўп.

Ҳозирги вақтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун мини-технологиялар, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга эҳтиёжнинг мавжудлиги маҳаллий лизинг бозори ривожланишининг асосий тенденцияси ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, лизинг имкониятларини кенгайтириш тадбиркорларга ўз корхонасининг техник базасини тезкор равишда янгилаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, янги ускуналар ёрдамида корхона даромади ҳамда рентабеллиги, маҳсулот рақобатбардошлилигини оширишга хизмат қилади.

Ўктам Муҳаммадиев,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
бошқарма бошлиғи ўрнибосари.

ЎзА
3 167






Все о погоде - Pogoda.uz