ЎзА Ўзбек

07.05.2018 19:38 Чоп этиш версияси

Маҳсулотни сотишнинг уддасидан чиқмаган тадбиркорлар аламини “Ўзагроэкспорт”дан олмоқчи...ми ?

Маҳсулотни сотишнинг уддасидан чиқмаган тадбиркорлар аламини “Ўзагроэкспорт”дан олмоқчи...ми ? Яқинда интернет сайтларида Фарғона вилоятида юзлаб тонна сабзавотлар сотилмай қолиши оқибатида сифати бузилиб, тадбиркор, томорқачилар зарар кўраётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Маълумки, аксарият ҳолларда баъзи сайтлар муҳокамага қўяётган ахборотининг холислигини текширмай, масаланинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганмасдан бир томонлама ёндашишни одат тусига айлантирган.

Ижтимоий тармоқларда кўтарилган мазкур муаммо ҳақиқатга яқинми ёки шунчаки шов-шув кўтариш, жамоатчилик фикрини чалғитишмиди? Агар ҳақиқат бўлса «Ўзагроэкспорт» мутасаддилари нима учун бундай муамога панжа ортидан қаради?

Саволларга батафсил жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси раиси Тоҳиржон Жалиловга мурожаат қилди.

— Хабарларда кўтарилган муаммолар “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан атрофлича ўрганилди. Олтиариқ туманидаги тадбиркор, томорқа эгалари, жумладан, шикоятчи Беҳзод Раимов ва Ўткир Ҳамдамовлар билан учрашиб қайтди, – дейди Т.Жалилов. — Бу тадбиркорлар олдин банк ва солиқ соҳасида фаолият юритиб, бир ярим йилдан буён бизнесни бошлаб, қовун ва гилос экспорти билан шуғулланган. Улар 2017 йилнинг декабрида 50 тонна турпни деҳқонлардан олиб, экспорт қилиш учун совутгичда сақлаган. Қирғизистонга экспорт қилмоқчи бўлгани, бироқ биз белгилаган нархлар қиммат экани юзасидан ўз эътирозларини билдиришди.

Эътибор қилинг, шу кунгача “Ўзагроэкспорт” 170 доллардан 228 долларгача бўлган нархларда 4 минг 602 тонна турпни хорижга сотди. Бу маҳсулотнинг экспорт ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мисол учун, 2016 йилда ташқи бозорга 1 минг 877 тонна сотилган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 2 минг 780 тоннани ташкил этди. Шунга яраша маҳсулотнинг нархи ҳам ошиб бормоқда. 2016 йилда турпнинг ҳар тоннасига ўртача 170 доллар тўланган бўлса, 2017 йилда 197 доллар, жорий йилда 185 долларни ташкил этмоқда.

Одатда, турп мавсуми октябрь-март ойларига тўғри келади. Шундай бўлса-да, шу кунларда Олтиариқ туманидаги бозорда унинг нархи 800 сўм экан. Энди тасаввур қилинг, ўзимизда турпнинг баҳоси паст бўлмаган ҳолда, тадбиркор уни четга ярим баҳосида экспорт қилмоқчи. Бунга эса маҳсулотнинг бозорда кетмаётгани рўкач қилинмоқда. Аслида маҳсулотнинг сақланиш муддатини ҳисобга олинмагани учун омборда анча туриб қолган.

Маҳсулотини ўз вақтида сотишнинг уддасидан чиқмаган тадбиркорлар бутун аламини “Ўзагроэкспорт”дан олишмоқчига ўхшайди. Ҳолбуки, бир ой аввал “Ўзагроэкспорт” ходимлари бу тадбиркорларга турпнинг килосини 800 сўмдан сотишни таклиф қилишганда, қимматроқ сотиш истагида улар бунга кўнмаган. Деҳқонлардан 350 сўмдан олинган турп 800 сўмдан сотилганда тадбиркорга қанча фойда келтиришини бир ҳисоблаб кўринг.

Энди май ойида – “Ўзагроэкспорт”ни айбдор қилишаяпти. «Водийда бодринг бозорга чиқдими, турпга ҳожат йўқ», деган нақлни бу тадбиркорлар унутганга ўхшайди.

Улар қирғизистонлик ҳамкорлари билан шартнома имзолагани ҳақидаги ҳужжатни тақдим эта олмади. Шундай бўлса-да, икки кунда шартнома олиб келса, божхонадан ўтказиб берилиши ҳақида айтилганда “Йўқ, сизлар сотиб беришларинг керак”, деб туриб олишди.

Яна бир маълумот. Тоннаси 50 доллардан бўлган маҳсулот жами икки ярим минг долларга тушганда, у транспорт ҳаражатини оқлашга етмаган бўларди. Чунки, юк машинаси ҳаражатлари уч минг долларни ташкил этади.

Улар билдираётган яна бир эътироз — маҳсулот учун хорижий ҳамкорлардан олдиндан пулнинг бир қисмини тушириб берилиши ҳақидаги талабимиздир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 декабрдаги “Янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида «Ўзагроэкспорт» янги узилган мева-сабзавот маҳсулотларини баъзи шартларда экспорт қилишига рухсат берилган.

Унга кўра, жўнатиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари қийматининг олдиндан камида 30 фоизи тўланганда, қолган қисми учун эса тасдиқланган банк аккредетиви очилади ва биринчи тоифали хорижий банк кафолати расмийлаштирилади.

Агарда бунинг имкони бўлмаса, «Ўзагроэкспорт»нингхорижда очилган савдо уйлари, шунингдек, ишончли ва узоқ муддатли шериклар ҳисобланган етакчи хорижий импорт қилувчи ташкилотларга Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича олдиндан тўловсиз, тасдиқланган банк аккредитивини очмасдан ёки биринчи тоифали хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан рухсат берилади.

Ушбу ҳужжатлар тақдим этилса, ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Бу борада ҳам етарлича имтиёз ва қулайликлар борлигини соҳада фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркор билиши керак. Ахир бундай талаб билан тадбиркорнинг манфаати ҳимоя қилинмоқда-ку. Шартнома тузилган бўлсада, тегишли маблағни суд орқали ундираётганларга бу ҳолат яхши таниш.

Бодринг бозорга чиқдими, турпга ҳожат йўқ 

Фикрлар ва қарашларимиз бир тарафлама бўлиб қолмаслиги учун Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Олтиариқ туман раиси Рафиқ Ўрмоновнинг ҳам фикрлари билан қизиқдик.

turp.jpg

— Ўтган йили туманимизда 26 миллион долларлик мева-сабзавот экспортга йўналтирилди, – дейди Р.Ўрмонов. – Баҳорнинг ўтган кунларида эса 2 миллион долларлик маҳсулотни ташқи бозорга чиқариб улгурдик. Тадбиркор, фермерларимиз бемалол янги карам, бодринг, кўкатларни экспорт қилмоқда. Ҳозир тадбиркорларимиз аҳолидан гилосни килограммини 30 минг сўмдан харид қилиб, четга етказишни бошлади.

Агар турп масаласига келадиган бўлсак, ўтган йили унинг килограмми 2-3 минг сўмга чиққанди. У вақтда қиммат сотаяпмиз, раҳмат деган фикр айтилмади. Бу йил арзон бўлгани учун тадбиркорлар қиммат бўлишини кутиб, вақтни бой берди. Энди эса кеч. Бозорга редиска, бодринг, турли кўкатлар чиққанда турп ёки тузланган карамни истеъмол қилувчилар кам бўлиши кундай аён-ку.

Сайёра Шоева, ЎзА
23 143