Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 18:09 Чоп этиш версияси

Маҳалла раиси кафиллигида сармоя берилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида банклар бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши шартлигини таъкидлаб, бу борада аниқ вазифалар қўйди: "Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак".

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ҳам аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар бериб, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чораларини кўрмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят бошқармалари ҳамда мавжуд филиалларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун алоҳида бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълумотлар берилди.

Банк аҳоли фаровонлигини ва бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу мақсадларда ажратилаётган кредитлар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

– Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида кредит бериш тизими соддалаштирилди, – дейди “Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раиси ўринбосари Алишер Муродов. – Шу кунларда банкимизнинг 828 нафар ходими аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда иштирок этмоқда. Улар 460 дан зиёд қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида тушунтиришлар бермоқда. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби йигирмадан зиёд йўналишларда кредитлар таклиф этилмоқда.

Мониторинг натижаларига кўра, қишлоқ ҳудудларида қорамол, шаҳарларда қандолат ишлаб чиқариш учун минипечлар ва тикув машиналари харид қилишга бўлган талаб юқори бўлмоқда. Сармоя беришда ҳам қатор қулайликлар яратилган. Ўз бизнесини бошлаётган шахс бир иш ўрни яратса кредитнинг йиллик фоизи тўққиз, беш ва ундан кўпроқ иш ўрни яратилганда олти фоизни ташкил этади. Агар сармоя олувчи ҳеч жойда ишламаса, унга маҳалла фуқаролар йиғини раиси кафиллиги асосида маблағ берилади. Халқ орасида олиб борилган бундай тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 14 минг нафардан зиёд фуқаро тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. 3 минг 457 фуқарога қарийб 35,5 миллиард сўм кредит берилди. Натижада чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона фаолияти, ҳунармандлик каби соҳаларда 3,5 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

2016 йил давомида иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкнинг инвестицион жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида қарийб 2 триллион сўм сармоя ажратилди. Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 782,6 миллиард сўм, бизнесни бошлаш учун 234,7 миллиард сўмлик микрокредитлар берилди.

Матбуот анжуманида “Қишлоқ қурилиш банк”да амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, келгусидаги асосий йўналишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 046






Все о погоде - Pogoda.uz