Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 20:08 Чоп этиш версияси

Кредитни расмийлаштиришга қанча вақт керак?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Банкнинг хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга замонавий техника-технологиялардан фойдаланган ҳолда масофавий электрон хизматлар кўрсатиш кўламини ошириш борасидаги лойиҳалари ишбилармонларга янги қулайлик ва имкониятлар яратмоқда. Мисол учун, банк 1992 йилда жаҳондаги 83 энг йирик молия муассасаси билан вакиллик муносабатлари ўрнатган бўлса, жорий йил 1 июль ҳолатида 80 дан ортиқ давлатнинг қарийб 700 халқаро молия муассасасини қамраб олди.

Банк тизимли равишда хорижий кредит линияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Хитой давлат тараққиёт банки, Жанубий Корея Эксимбанки, Сумитомо Мицуи Банкинг Корпорейшн (Япония), Ландесбанк (Германия), "Газпромбанк" (Россия), Актиф Банк (Туркия) ва Осиё тараққиёт банки каби дунё молия бозорида етакчилик қилаётган институтлар билан самарали алоқалар йўлга қўйилиб, 4,8 миллиард долларлик сармоялар истиқболли лойиҳаларга жалб қилинди.

Анжуманда иштирок этган тадбиркорлар банк эришган ютуқларни эътироф этган ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Мисол учун, Яшнобод туманида фаолият юритаётган «Ҳилоладан тансиқ таомлар» оилавий корхонаси раҳбари Ҳилола Раззоқова ярим тайёр музлатилган маҳсулотларни экспорт қилишнинг қулай жиҳатларини қидираётгани боис бу борада банк мутасаддилари қандай ёрдам бериши мумкинлиги билан қизиқди.

– Банкимизда жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Visa тўлов тизими билан ҳамкорликда халқаро карточкалар учун интернет-эквайринг хизматлари йўлга қўйилган, – дейди банкнинг бошқарма бошлиғи Бунёд Эсонбоев. – Ушбу хизматдан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектлари хорижга ўз маҳсулотларини интернет орқали сотиши ва сотилган товар учун маблағларни пластик карточкасида қабул қилиб олиши мумкин.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида фаолият юритаётган «Евроазия грант» хусусий корхонаси раҳбари Шерали Тошбоев эса кредитларни расмийлаштириш жараёнлари чўзилиши сабаблари билан қизиқди.

– Агарда кредит таъминотига оид барча ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, сармояларни расмийлаштиришга 15 дақиқа вақт етарли, – дейди банкнинг Тошкент вилоят бўлими етакчи мутахассиси Б.Содиқов.

Матбуот анжуманида банкнинг истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 483






Все о погоде - Pogoda.uz