ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

Кореялик тадбиркор минг кишини иш билан таъминлайди

Кореялик тадбиркор минг кишини иш билан таъминлайди

Мамлакатимизда хорижий сармоядорларни кенг жалб қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар яхши натижа бермоқда. Турли давлатлардан ҳамкорлик қилиш мақсадида янги лойиҳа ҳамда таклифлар билан келаётган ишбилармонлар сафи тобора кенгаймоқда.

Жанубий Корея Республикаси фуқароси Джи Чунгуэй Наманган шаҳрида 18 қаватли, беш юлдузли меҳмонхона ва ип йигирув корхоналари қуриш лойиҳаси таклифи билан келди. Ўзаро музокаралар натижасида маҳаллий ҳокимият ва кореялик ишбилармон ўртасида лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

Бу борада биринчи амалий қадам сифатида Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Chung Paradise City Namangan” хорижий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилиб, корхонанинг гувоҳномаси ва низом ҳужжатлари тантанали равишда топширилди.

– Бундан ташқари, шу ернинг ўзида “Ҳамкорбанк” вилоят филиалида махсус ҳисоб рақами очилиб, муҳр ва тамғалар тайёрлаб берилди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ф.Жўрабоев.

– Ўзбекистон дунё тадбиркорларини истиқболли ҳамкорликлар майдони сифатида ўзига тортмоқда, – дейди Джи Чунгуэй. – Чунки, мамлакатингизда ҳали очилмаган, фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп ва улардан ҳамкорликда фойдаланиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади. Бу ерда нафақат маҳаллий, балки хорижлик сармоядорлар учун ҳам етарли шароит яратилган. Давлат хизматлари агентлиги томонидан корхонамиз қисқа вақт ичида рўйхатга олиниб, бошқа ташкилий масалаларда тезкор кўмаклашилгани ҳам ишимизнинг истиқболидан далолат берди. Бундан мамнун бўлдик. Келгусида, Наманган аҳлига замонавий қиёфадаги меҳмонхоналар қуриш билан бирга, ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулот ҳолатига келтиришда кўмаклашамиз. Шу билан бирга маҳаллий аҳолининг минг нафарини иш билан таъминлашни мақсад қилганмиз.

5 221
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА