ЎзА Ўзбек

17.08.2018 14:17 Чоп этиш версияси

Кореялик ишбилармонлар Жиззахнинг инвестицион муҳити билан танишди

Кореялик ишбилармонлар Жиззахнинг инвестицион муҳити билан танишди
Жиззах вилоятига Жанубий Кореянинг “JENERGY co. LTD”, SARENS, “KCA-Global Ltd”, “VIVA-AP Co Ltd”, “HAERAN Architecture & Construction company”, “KABO” каби энергия тежамкор маҳсулотлар ва қурилиш ашёлари ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари ҳамкорлик таклифлари билан ташриф буюришгани ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди. 

Вилоят ҳокимлигида хорижлик ишбилармонлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вилоят ҳокими Эргаш Солиев меҳмонларни давлатимиз томонидан хорижлик инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, ҳудуднинг табиий, иқтисодий имкониятлари билан таништириб, уларни ҳамкорликка чорлади.

Учрашувда тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш, логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилган.

Жанубий Корея компаниялари вакиллари “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти ҳамда Жиззах шаҳридаги “Бухоро-Ширин” МЧЖ ва “Ўрда экологик боғи” лойиҳалари билан танишиб, инвестицион лойиҳалар учун давлат томонидан яратилган имтиёзларнинг амалда қўлланиши билан қизиқишди.

Хорижий ишбилармонлар ҳокимлик вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувда ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлиқ жавоб олишди. Келгусида шаҳар ҳудудида ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун имкониятлар етарли эканлигини эътироф этишди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 851