Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.10.2017 11:21 Чоп этиш версияси

Конверсион карта эгаларида бошқа шахслар картасига валюта ўтказиш имконияти бор

 Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда валютани тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистонда эркин конвертация киритилганига бир ойдан ошди. Аҳоли мамлакат банкларига валюта топшириш ва уни сотиб олиш имконига эга бўлди. Бугун мазкур фармоннинг молия муассасаларида қай тартибда бажарилаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида республика тижорат банкларидан бирининг филиали фаолияти билан танишдик. «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Тошкент вилояти минтақавий филиалининг валюта айрибошлаш шохобчаси ҳар кунлик тартибда ишлаётган экан.

Филиал мутахассисларидан олган маълумотимизга кўра, аҳолига қулайлик яратиш ва иш ҳажмининг ортгани ҳисобига “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида мавжуд 10 та конверсион операциялар бўлимига қўшимча равишда яна 29 та филиалда конверсион операциялар бўлими ташкил этилибди. Жумладан, Тошкент вилояти бўйича банкнинг Оҳангарон, Ғазалкент, Бекобод, Янгийўл филиалларида ҳам конверцион бўлимлар ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилибди. Валюта айирбошлаш шохобчалари байрам ва дам олиш кунлари ҳам ишлар экан.

– Жорий йилнинг 5 сентябридан буён шохобчаларимизда хорижий валюталар сотиб олинмоқда, - дейди минтақавий филиалнинг валюта операциялари бўлими бошлиғи Саидкамол Нуриддинхонов. – Жисмоний шахслар исталган миқдордаги хорижий валютани бозор механизмлари асосида шакллантирилган валюта курслари бўйича топширган ҳолда нақд сўм олишмоқда. Агар харид қилишмоқчи бўлишса, VISA халқаро пластик карталарига ўтказиб берилади. Банк томонидан очиладиган халқаро тўлов карталари орқали дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатларида жойлашган 24 миллиондан ортиқ VISA карталарини қабул қилиш муассасаларида тўловларни амалга ошириш мумкин.


Яна ўша эски, ҳеч қаерга ўтмайдиган пластик картами? дейишга шошилманг. Тўғри, аввалги махсус конверсион карталар тизимида 2 минг долларгача маблағ ўтказилган. Шунингдек, нақд пул ечиш бўйича жуда катта чекловлар, масалан, бир қанча давлатлардаги терминалларда ишлашига чекловлар қўйилган эди. Айни вақтда, халқаро тўлов карталарига харид қилинадиган валюта миқдори, валюта сарфланадиган давлатлар ва банкоматларда ечиладиган валюта миқдорига ҳеч қандай чекловлар йўқ.


Агар бу жараённи мазкур банк филиали мисолида кузатадиган бўлсак, конверсион карталараро пул ўтказмалари хизмати жорий этилган экан. Эндиликда конверсион карта эгалари ўз ҳисобидан хорижий валютани қабул қилувчи чет элда бўлган тақдирда ҳам картадан картага ўтказишлари мумкин. Фақат бу хизматнинг битта талаби бор. У ҳам бўлса маблағ ўтказувчи ҳам, қабул қилувчи ҳам “Қишлоқ қурилиш банк” конверсион картаси эгалари бўлиши лозим.

– Бу карталар чет элда нақд пул олиб юргандан минг марта афзал, – дейди банк мижози Санжарбек Алиохунов. – Ахир банкдан хорижий валюта сотиб олаётган инсоннинг асосий мақсади хориждан бирор нарса харид қилиш ёки хорижда хизматлардан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилишдан иборат бўлади. Ўзбекистонда ҳар қандай нарсани сўмда олиши мумкин-ку?

Яратилган қулайликлар таҳсинга лойиқ. Бироқ, халқаро тўлов картасида пул маблағлари ортиб қолса ёки бу карталар хорижда ишламай қолса нима бўлади?

– Жисмоний шахслар халқаро тўлов картаси йўқолиб қолганда, махфий пароли йўқотилганда ёки уни ишлатиш бўйича муаммолар юзага келганда банк филиалига мурожаат қилиши лозим, –дейди “Қишлоқ қурилиш банк” Тошкент вилояти филиалининг Конверсион операциялари бўлими бошлиғи Маъруф Исроилов. – Мурожаатга асосан мижозга юзага келган муаммони тез бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Банкка кун давомида кўплаб фуқаролар валютани алмаштириш мақсадида мурожаат қилди. Уларни баъзиларининг фикрлари билан қизиқдик.

– Чет эл валютасини харид қилиш ва уларни сотишда барча чекловлар олиб ташлангани яхши бўлди, – дейди мижоз Севара Ғуломова. – Турмуш ўртоғим ҳорижда ишлайди. У юборган валютани бехавотир банкда алмаштириб олдим. Эндиликда валюта учун тўловни нафақат нақд пулда, балки сўм пластик карталарда ҳам амалга ошириш мумкин экан.

– Хизмат кўрсатиш қулай, – дейди мижоз Козимжон Турсунов. – Ортиқча вақтни талаб қилмайди. Уни устига йирик ва янги сўм берилаётгани ҳам яхши бўлди. Бундан ташқари эндиликда хорижий валютани сотиб олиш имкони пайдо бўлди. Тўғри, қўлингизга ҳеч ким хорижий валютани бериб қўймайди, конверсион карта олиш керак экан. Аммо, банкдан хорижий валютани эркин харид қилиш имкони яратилишининг ўзи муҳим воқеа бўлди. Бунинг учун Президентимизга раҳмат.

– Шохобчага мурожаат этгач, уч дақиқада ишим битди, – дейди Шокир Салимов.- Шу вақтгача хорижий валютани айирбошлаш учун банкларга эмас, ростини айтаман, "қора бозор"га мурожаат қилардик. Ичимизда алданиб қолмасмиканман деган хадик ва ишончсизлик бўларди. Расмий курс билан “қора бозор” курси ўртасида деярли икки баробарлик тафовут бор эди. Энди буларнинг бари ўтмишда қолди. Мана банкларга эркин мурожаат қилиб, хорижий валютани бемалол айирбошлаяпмиз. Энг муҳими, ишончли.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли кейинги бир неча йиллар ичида биринчи марта молиявий муассасада валютани “қора бозор”дан юқори нархда, бунинг устига паспортсиз алмаштириш имкониятига эга бўлди. Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини халқаро тўлов карталарига эркин сотиб олиши, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, шу жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин. Маблағнинг умумий миқдори 10 минг долларга етсагина шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмоқда.

– Тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларидаги курсни шакллантиришда валюта бозоридаги реал талаб ҳамда таклиф асос бўлиб хизмат қилади, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар маркази бош илмий ходими Ашурали Худойназаров. – У банклараро нақдсиз операциялар бўйича курсдан фарқ қилиши мумкин. Валюта айирбошлаш шохобчаларидаги курсга келадиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда у банклараро нақдсиз операциялар бўйича курс асосида минимал маржа билан ўрнатилади. Нақд маблағлар улуши айланмада қанча кўп бўлса, айирбошлаш курси банклараро курсдан шунчалик фарқланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда курслар ўртасида фарқ сезиларсиз даражада бўлиши учун нақдсиз ҳисоб-китобларга катта эътибор қаратилмоқда.

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Тошкент вилояти минтақавий филиалидаги валюта айрибошлаш шохобчасидаги ҳолатларни бошқа банкларда кузатишимиз мумкин. Демак, бугун жисмоний ва юридик шахсларнинг хорижий валютани миллий валютага давлат курсида алмаштириш ёки харид қилишда ҳеч кандай чекловлар мавжуд эмас.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 386






Все о погоде - Pogoda.uz