Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 18:43 Чоп этиш версияси

Контрабандага йўл йўқ

Яширин цехда санитария талабларига зид ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулот инсон саломатлигига қанчалик зиён келтириши сир эмас. Бундай ҳолатларга қарши тегишли органлар кураш олиб бораётган бўлса-да, улар ҳамон барҳам топгани йўқ. Масалан, ғиждувонлик З.Мансуровнинг хонадонида қўлбола ароқ маҳсулоти ишлаб чиқарилаётгани божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан фош этилган. Ўтган йил давомида аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи ўнга яқин яширин цех фаолиятига чек қўйилиб, минг литрга яқин маҳсулот ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасида “Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида юқоридаги каби фактлар келтириб ўтилди.

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Миркамолов журналистларга мавзу юзасидан ахборот берди. Товар-моддий бойликлари ва контрабанда ашёларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида соҳа ходимлари изчил фаолият юритмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни фош этиш, олдини олиш, уларнинг келиб чиқиши сабаб ва омилларини таҳлил қилиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйиш борасида режали тадбирлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилаётгани натижасида 19 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 68 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган. Аниқланган ҳолатларнинг 581 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Анжуманда давлат божхона хизмати органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, постларни замонавий сканер ва махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди. Айни пайтда барча чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари назорат-кўрик ва гиёҳвандлик моддаларини идентификация қилувчи воситалар, валюта детекторлари ҳамда бошқа техник ускуналар билан таъминланган.

Икки ёки ундан ортиқ давлат ўртасида товарларнинг чегаралараро олиб ўтилиши, контрабанда жиноятининг олдини олиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларини назорат қилиш борасидаги вазифаларни самарали бажаришда турли давлатларнинг божхона хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан хорижий давлатлар божхона хизматлари билан тузилган битимлар асосида ўзаро ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.

Божхона органлари томонидан интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. 2016 йил давомида божхона органлари томонидан турли мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар ёзилган 5 мингдан ортиқ контрафакт маҳсулот аниқланиб, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг олди олинди.

Матбуот анжуманида тадбиркорлик субъектлари манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритилди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ божхона тўловлари бўйича 13,3 триллион сўм миқдорида имтиёзлар берилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 149






Все о погоде - Pogoda.uz