Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 12:42 Чоп этиш версияси

Когон туманида чиқиндиларни саралаш корхонаси иш бошлади

Когон туманида чиқиндиларни саралаш корхонаси иш бошлади Бухоро вилояти Когон туманида маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводининг дастлабки саралаш корхонаси иш бошлади.

Президентимиз жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида қатор бунёдкорлик ишлари, жумладан, ушбу лойиҳа билан танишиб, қурилиш ишларини янада такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.

Корхонага тумандаги фойдаланилмай ётган бўш бино ва иншоотлар инвестиция киритиш мажбурияти билан "ноль" қийматда берилди. Шартномага кўра, 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ёрдамчи бинолар таъмирланди, 5,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, заводнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари қурилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиали томонидан ажратилган 970 минг доллар миқдоридаги кредит ҳисобига лойиҳанинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. Бу ерда Хитойда ишлаб чиқарилган чиқиндиларни саралаш линияси ўрнатилди.

9.jpg

– Заводимизнинг чиқиндиларни саралаш корхонасида конвейер асосида дастлаб оғир жисмлар – металл, тош ва шиша, сўнгра яроқсиз резина ва автошиналар, ёғоч-тахта бўлаклари, қипиқлари, шох-шабба ва хазон, макулатура, қурилиш чиқиндилари, пластмасса идишлар, яроқсиз ва қийқим матолар сараланади, – дейди цех бошлиғи Эсон Латипов. – Линия бир кеча-кундузда 450 тоннагача чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. Барча жараёнлар тўлиқ ва ярим тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади. Лойиҳа асосида 40 иш ўрни яратилди.

Лойиҳанинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик аҳамияти катта. У Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларида ҳосил бўладиган турли маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали мазкур ҳудудлардаги атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария ҳолатини яхшилашга хизмат қилади. Корхонанинг 50 дан зиёд юк транспорти, шунингдек, юклагич экскаваторлари ва бошқа техника воситаларидан иборат транспорт бўлинмаси бор.

Айни пайтда корхонада лойиҳанинг иккинчи навбатини ишга тушириш ишлари жадал давом этмоқда. Бу ерда Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш линияси барпо этилмоқда.

2 (2).jpg

– Лойиҳамизнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиали томонидан 3 миллион 920 минг доллар миқдорида ажратилган кредитга хориждан босқичма-босқич замонавий қайта ишлаш технологик ускуналари келтириб ўрнатилмоқда, – дейди “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Суҳроб Кенжаев. – Монтаж ва созлаш ишлари якунланмоқда. Чиқиндилардан иситиш қозонхоналарида фойдаланиладиган муқобил пиролиз ёқилғиси, брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Натижада яна 300 га яқин иш ўрни яратилади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
3 310






Все о погоде - Pogoda.uz