Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 18:21 Чоп этиш версияси

63 киши иш билан таъминланди

Навоий вилоятидаги Кармана саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 67 корхона, ташкилот ва муассаса 402 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Кармана тумани ҳокимлиги, прокуратураси, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада мамлакатимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида туман бандликка кўмаклашиш марказига 430 дан ортиқ фуқаро иш сўраб мурожаат қилган. Айни пайтга қадар уларнинг 375 нафари иш билан таъминланган. Тумандаги касб-ҳунар коллежларини битирган 1 минг 297 нафар ёш мутахассиснинг аксарияти ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар билан тузилган тўрт томонлама шартнома асосида ишга жойлаштирилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 95 нафар ёшга 622 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.

Туманнинг Тошработ маҳалласида яшовчи Дилбар Жўраева 2011 йилдан бери ишсиз. Турмуш ўртоғи бевақт вафот этгач, бир нафар фарзанди билан ёлғиз яшаб келмоқда. Мутасаддиларнинг кўмаги билан Дилбар тумандаги 24-умумтаълим мактабига математика ва информатика бўйича ўқитувчиликка қабул қилинди.

Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилшода Мажидова ярмаркада ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди.

– Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Дўстлик” агрофирмасига ишга қабул қилиндим, – дейди Дилшода. – Мева-сабзавотни қайта ишлаш цехида мен каби ёшлар меҳнат қилаётганини эшитиб, жамоага тез мослашиб кетишимни ҳис қилдим. Асосийси, ишли бўлдим, оилам, ота-онам ва жамиятга нафим тегишидан хурсандман.

Ярмаркада 63 кишига корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
1 798






Все о погоде - Pogoda.uz