Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 15:32 Чоп этиш версияси

Кичик саноат зонасида 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади

Президентимизнинг жорий йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2017-2018 йилларда бу ерда 106 миллион долларлик 125 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу 3 минг 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ташаббуси билан Янгиер кичик саноат зонасида ўтказилган мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди. Мулоқот тадбиркор ва фермерларни мазкур кичик саноат зонасидаги шарт-шароит ва имкониятлар билан таништириш, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтариш, ҳудудда ишламоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар, Марказий банк ва тижорат банклари вакиллари иштирок этган тадбирда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, Президентимизнинг кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармон, қарор ва фармойишлари ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Президентимизнинг жорий йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудидан мақсадли фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар режаси ижроси бўйича давлат тижорат банклари томонидан таклиф этилган 131 лойиҳанинг ҳар бири бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди, – дейди Янгиер кичик саноат зонаси дирекцияси бошлиғи Ҳ.Маннопов. – Айни пайтда вилоятдаги тижорат банклари томонидан 125 лойиҳа бўйича 291 миллиард 922 миллион сўмлик йўл хариталари ишлаб чиқилди. 29 лойиҳага 11 миллиард 493 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бунинг самарасида тўқимачилик, чарм-пойафзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан келган 200 дан ортиқ тадбиркорда саноат зонасида яратилган имконият ва шароитлар катта қизиқиш уйғотди.

– Корхонамиз қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди тошкентлик тадбиркор Ф.Қаландаров. – Саноат зонасидаги шароитларни ўз кўзим билан кўрдим. Бу ерда тадбиркорлик қилиш учун барча шароит мавжуд. Жумладан, барча коммуникациялар – сув, табиий газ, электр таъминотини давлат ўз зиммасига олмоқда. Саноат зонасида энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 баробари миқдорида инвестиция киритиш белгиланган бўлиб, ҳудуднинг ўзидаги тижорат банклари томонидан кредит ажратилмоқда. Солиқлар бўйича ҳам имтиёзлар берилган. Менда ҳам Янгиер кичик саноат зонасида ўз фаолиятимизни йўлга қўйиш истаги пайдо бўлди.

Амалий мулоқотда иштирок этган ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти билан Янгиер кичик саноат зонаси дирекцияси ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 677






Все о погоде - Pogoda.uz