Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Кичик саноат зонаси фаолияти назоратга олинди

Халқ депутатлари Бухоро тумани Кенгаши сессиясида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал -демократик партияси туман кенгаши депутатлик гуруҳи таклифи билан 2017 йилда “Работи қалмоқ” кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Табиийки, бундан Бухоро туманидаги “Работи қалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тадбиркорлар хурсанд бўлди. Афсуски, орадан тўққиз ой ўтса-да, кичик саноат зонаси ўз мақоми даражасида ишламаяпти. Бу ерда табиий тошларга ишлов бериш, лак-бўёқ ишлаб чиқариш, гўшт ва сутни қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар бажарилмаган. Бунинг асосий сабаби, ҳудудда электр энергиясида узилишлар, аниқроғи, чекланишлар бўлаётганида. Шунингдек, газ етказиб беришда ҳам айрим муаммолар мавжуд.

Айни пайтда “Работи қалмоқ”даги ишлаб чиқариш субъектларида 225 киши иш билан банд. Ҳолбуки, юқоридаги муаммолар бартараф этилганида корхоналар тўла қувват билан фаолият кўрсатган, иш ўринлари сони икки бараварга кўпайган бўлар эди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партияси Бухоро тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу масала кун тартибига қиритилди.

Тадбирда кичик саноат зонасини ташкил этишда бевосита масъул бўлган туман ҳокими ўринбосари Зокир Тоҳировнинг ахбороти тингланди. Муҳокамада мутасадди раҳбарнинг муаммо ечими бўйича жиддий амалий чоралар кўрмагани танқид қилинди. Туман ҳокими ўринбосарига сессия қарори билан огоҳлантириш берилди.

Вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Сессияда айни шу савол кескин кўндаланг қилиб қўйилди.

– “Работи қалмоқ” даги муаммо ечимини топиш имкони бор, – деди халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Ўлмас Раҳматов. – Бунинг учун электр, газ ва сув таъминоти масалаларини ҳал этиш мақсадида вилоятнинг тегишли соҳа раҳбарлари билан бевосита ҳамкорликда иш олиб бориш лозим. Бунда депутатлик назорати имкониятларидан ҳам самарали фойдаланиш талаб этилади.

Сессияда “Работи қалмоқ” лойиҳасини тўла ниҳоясига етказиш баробарида туман маркази Галаосиё шаҳрида ҳам кичик саноат зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
9 354